Айни пайтда давом этаётган Президент видеоселектори йиғилишида ёшлар учун ажратилаётган маблағлар ва имтиёзлар ҳақида маълумотлар берилди.
Демак, 1 майдан бошлаб:
- агар корхона ва компаниялар ёшларни ишга қабул қилса, корхоналарга ушбу ходимлар учун тўланган ижтимоий солиқ қайтариб берилади. Бу орқали жорий йилда камида 700 минг ёшларни ишга қабул қилган тадбиркорларни рағбатлантириш механизми яратилади ва тадбиркорлар ихтиёрида бир йилда 1 триллион сўмдан зиёд маблағ қолади. (Бунда Самарқанд, Фарғонада – 110 миллиард сўмдан, Андижон, Қашқадарё, Сурхондарёда – 95 миллиард сўмдан, Тошкент вилоятида – 80 миллиард сўм, Наманган, Тошкент шаҳрида – 70 миллиард сўмдан, Қорақалпоғистон Республикаси, Бухорода – 65 миллиард сўмдан, Хоразмда – 60 миллиард сўм, Жиззах, Навоийда – 40 миллиард сўмдан, Сирдарёда – 20 миллиард сўм маблағ тадбиркорлар ихтиёрида қолади.)
- “Ёшлар дафтари”га кирган 5 нафардан ортиқ ишсизлар бандлигини таъминлаган тадбиркорларга давлат мулки ижараси учун 50 фоизгача имтиёз берилади.
- Ҳодимлари сонининг камида 70 фоизи “ёшлар дафтари”га кирган ёш тадбиркорларга давлат мулки аукционсиз берилади ва улардан 5 йил давомида ижара ҳақи ундирилмайди.
- Ёшларга тадбиркорлик фаолиятига керакли асбоб-ускуналарни харид қилиш учун 10 миллион сўмгача субсидиялар берилади.
- Ижарага бино олиб, ўз бизнесини бошлаётган ёшларга, бир йиллик ижара суммасининг 30 фоизигача қисми қоплаб берилади.
- “Бир миллион дастурчи” лойиҳаси доирасида сертификат олган ёшларга компьютерлар хариди учун “Микрокредитбанк”, “Алоқабанк” ва “Халқ банки” фоизсиз кредитлар ажратади.
Шунингдек, 1 июндан бошлаб “ёшлар дафтари”га киритилган ёшларга:
- ҳайдовчилик гувоҳномасиниолиш, бир ойлик ҳарбий хизматни ўташ харажатлари бюджетдан тўлаб берилади (меҳрибонлик уйи тарбияланувчиларига ҳам).
- қизиқишидан келиб чиқиб, хорижий тиллар ва умумтаълим фанлари бўйича нодавлат таълим ташкилотларида ўқиш харажатининг бир қисми қопланади.
- Корхона ва компанияларда амалиёт ўтаганда, уларга 500 минг сўмгача субсидия ажратилади.
Шунингдек, биринчи марта ишга кирган касб-ҳунар марказлари битирувчилари 6 ойгача даромад солиғини тўлашдан озод этилади.
Шу билан бирга, 1 июлдан бошлаб хусусий корхоналарда янги иш бошлаган ходимларниқайта тайёрлаш харажатининг 1 миллион сўмгача бўлган қисмига субсидия берилади.
Бундан ташқари, ёшларнинг профессионал таълим мактаблари, техникумларда ўқиши учун тўланадиган контракт суммаси даромад солиғидан озод қилинади.
Ушбу мақсадлар учун Молия вазирлиги Ёшлар агентлигига йил давомида қўшимча 100 миллиард сўм ажратади.






