Ибраҳимович дисквалификация қилиниб, жаримага тортилди. У «Женоа»га қарши ўйинни ўтказиб юборади.
«Милан» ҳужумчиси Златан Ибраҳимович А Серия 30-тури доирасидаги «Парма»га қарши ўйиннинг (3:1) 60-дақиқасида ҳакам Фабио Мареска билан тортишгани ва майдонда четлатилгани учун тартиб-интизом қўмитаси томонидан ҳам жазога тортилди.
А Серия расмий сайтининг хабар беришича, 39 ёшли ҳужумчи ҳакамга нисбатан ҳурматсизлик қилгани ва унинг шаънига ҳақоратли сўз ишлатгани учун битта ўйинга дисквалификация қилиниб, 5 минг еврога жаримага тортилган.
Шу тариқа Ибраҳимович А Серия навбатдаги тури доирасида 18 апрель куни «Сан Сиро» стадионида ўтадиган «Женоа»га қарши ўйинда майдонга туша олмайди.
Аввалроқ, Златан локдаун тартибини бузиб, ресторанга боргани учун жаримага тортилиши мумкинлиги ҳақида хабар қилинганди.
Маълумот учун, «Милан» 30-турдан кейин 63 очко билан турнир жадвалида 2-ўринда бормоқда. Пешқадам «Интер» билан фарқ 11 очкони ташкил этиб турибди.






