Корея Республикаси ҳукумати томонидан, коронавирус пандемияси туфайли азият чекаётган кичик ва ўрта бизнес йўналишидаги ишлаб чиқариш саноатларида, шунингдек, деҳқончилик ва балиқчилик соҳасидаги чет эллик ишчи кучининг етишмаслиги билан боғлиқ муаммолар ҳал этилди.
2021 йил 13 апрелда "Чет эллик ишчиларни жалб қилиш тўғрисидаги қонунга" ўзгартиришлар киритилган ҳолда чиққан қарорга кўра, виза муддати 2021 йилнинг 13 апрелидан 2021 йилнинг 31 декабригача бўлган, E-9 ва H-2 визасидаги чет эллик ишчилар Кореяда бўлиб туриш ва меҳнат шартномаси муддатини бир йилга узайтириш имкониятига эга бўлди. Бу ҳақда Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги хабар бермоқда.
Бироқ, қабул қилинган қарор кучга кирган санадан олдин виза муддати тугаган чет эллик ишчилар, ушбу, 1 йилга узайтириш имкониятидан фойдаланиш ҳуқуқига эга эмаслар.
Барчага маълумки, пандемия туфайли хорижий ишчиларни жалб қилиш сўнгги ойлардан бери кескин пасайиб кетди, авиа парвозлар қисқарди, мамлакатга кириш ва чиқиш қийинлашиб бормоқда ҳамда ишчи кучи етишмаслиги муаммоси давом этмоқда. Бу эса ўз навбатида, кичик ва ўрта бизнес йўналишидаги ишлаб чиқариш саноатларига, шунингдек, деҳқончилик ва балиқчилик соҳаларига катта иқтисодий зарар келтириб чиқармоқда.
Юқоридаги сабаблар туфайли, Корея ҳукумати томонидан ушбу қарор қабул қилиниб, кенг жамоатчиликка эълон қилинди.
Чет эллик ишчилар орасида, иш қидириш муддатини 50 кунга узайтирганлар бор. Aгар ушбу муддат, жорий йилнинг 13 апрелидан 31 декабр оралиғида тугайдиган бўлса, яна бир йил муддатга узайтиришлари мумкин.
Бир йилга узайтириш учун www.eps.go.kr сайти орқали Онлайн тарзда ёки тегишли иш марказларига, яъни “Koyong sento”ларга бориб мурожаат қилиши мумкин.
Иш берувчилар чет эллик ишчилар билан келишган ҳолда иш бошлаганлиги тўғрисидаги маълумотни ваколатли бандлик марказларига ёки Иммиграция хизматига ва Чет элликлар масалалари бўлимига тўғридан-тўғри хабар бериш мумкин.






