АсосийJamiyat

Тошкентда нега аёллар бақир-чақир қилишиб, ички ишлар ходимларга қаршилик кўрсатишди?

'Тошкентда нега аёллар бақир-чақир қилишиб,  ички ишлар ходимларга қаршилик кўрсатишди?'ning rasmi

Интернет тармоғида Тошкент шаҳар ИИББ ходимлари аёлларни хизмат автомобили томон олиб кетаётганлиги акс этган видеотасвир тарқалмоқда. Унда аёлларнинг бақириб,  ички ишлар ходимларга қаршилик қилгани акс этган.

Тошкент шаҳар ИИББ мазкур ҳолат 14 апрель куни тахминан соат 21.30 да Қоратош ва Бунёдкор кўчалари кесишмасида содир бўлганини маълум қилди. 

Тошкент шаҳар ИИББ патруль-пост хизмати ходимлари автомобиллар қатнов қисмида фарзандлари билан тиланчилик қилиб ҳайдовчиларга ҳалақит бераётган уч нафар аёлларни кўришган. Аёллар тиланчилик қилиш маъмурий ҳуқуқбузарлик ҳисобланиши ҳақида огоҳлантирилиб, уларнинг шахсларини аниқлаш мақсадида Шайхонтоҳур тумани  Ички ишлар бўлимига олиб кетилаётганида аёллар атрофдагиларнинг раҳмини келтириш учун бақириб, ходимларга фаол қаршилик қила бошлашган.

Тиламчи аёллар самарқандлик икки фарзандли 25 ёшли Маҳлиё Ю., 30 ёшли Зуҳра Ш. ва 25 ёшли Санобар У. эканликлари, шунингдек улар муқаддам бир неча маротаба огоҳлантирилганликлари аниқланган.

" – Бундан аввал ходимлар мазкур аёлларни йўл қисмида тиланчилик мақсадида болаларидан фойдаланаётганликларини гувоҳи бўлишган. Бу аёлларнинг йўл қатнов қисмида тиланчилик қилиши нафақат уларнинг ўзлари, балки норасида гўдакларининг ҳаёти учун ҳам хавфли бўлиб, камига бошқа йўл ҳаракати қатнашчиларининг ҳаётини ҳам хавф остида қолдирган.

Аёлларга нисбатан тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилиб, қонуний чора кўрилиши учун терговга қадар текшируви ўтказилмоқда, натижаси ҳақида қўшимча хабар берилади.

Қайд этиш жоизки, Тошкент шаҳар ИИББ ходимлари тиланчилик учун жавобгарлик кучайтирилгандан буён, фаол тиланчилик билан шуғулланувчи шахслар орасида тушунтириш профилактик ишларни олиб боришмоқда. Профилактик суҳбатлар давомида тиланчилик билан шуғулланиш сабаблари ўрганилиб, уларга ёрдам бериш учун иш таклиф этилмоқда. Афсуски, ушбу фуқаролар ҳар доим ҳам ишга жойлашишга рози бўлмасдан, енгил даромад топиш мақсадида тиланчилик билан шуғулланишда давом этмоқда", – дейлади тезкор хабарда.

    Бошқа янгиликлар