Кеча, 14 апрель куни Фарғона вилояти инспекторларидан бирига 24 ёшли фуқаро ўз оғирини енгил қилиш учун пора таклиф қилган. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси ИИВ ЙҲХББ Ахборот хизмати маълум қилган.
Хабарга кўра вилоят ИИБ Биринчи минтақавий ҳудуд Тошлоқ тумани ИИБ ЙҲХГ маъмурий материалларни кўриб чиқиш инспектори Ғ.Эрматов вилоят ИИБ бошлиғи номига билдирги орқали мурожаат қилиб, ўз билдиргисида, 1997 йилда туғилган фуқаро Р.Қ. ўзига нисбатан ЙПХ инспектори томонидан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг 194-моддаси 1-қисми билан расмийлаштирилган баённома бўйича чора кўрмасдан енгиллик яратиб бериш эвазига 100 (юз) АҚШ доллар миқдорида пора таклиф этганлигини маълум қилиб, фуқарога нисбатан қонуний чора кўрилишини сўраган.
Ходимнинг билдиргиси асосида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбир давомида, фуқаро Р.Қ. Тошлоқ тумани ИИБ ЙҲХБ биносидаги хизмат хонасида Ғ.Эрматовга 100 (юз) АҚШ доллар миқдоридаги пулни пора тариқасида берган вақтида ашёвий далил билан қўлга олинган.
Мазкур ҳолат юзасидан терговга қадар дастлабки суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.






