АсосийJinoyat

Тошкентда номаълум шахслар салкам 36 миллион сўмлик тиллалари олиб қочганини айтган фуқаронинг ўзи "ўғри" бўлиб чиқди

'Тошкентда номаълум шахслар салкам 36 миллион сўмлик тиллалари олиб қочганини айтган фуқаронинг ўзи "ўғри" бўлиб чиқди'ning rasmi

Тошкентда фуқаро 2 номаълум шахс алдов йўли билан унинг 36 миллионга яқин қийматдаги тақинчоқларини олиб қочгани юзасидан шикоят қилган. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти маълум қилган.

Хабарга кўра, 11 апрель куни соат 15:30 ларда икки нафар номаълум шахслар Олмазор тумани Фаробий кўчасида яшовчи 23 ёшли М.Рокиянинг уйига келиб, унга яқин кунларда турмуш ўртоғи ва фарзанди оғир касал бўлиб вафот этишини айтиб, ўзига тегишли барча тилла-тақинчоқларини олиб чиқиб берса, уларни қутқариб қолишга ваъда бериб, М.Рокияга тегишли жами нархи 35 840 000 сўмлик 10 хил турдаги тилла-тақинчоқларини алдов йўли билан қўлга киритиб, ҳодиса жойидан яширинганлар.

Мазкур ҳолат юзасидан Олмазор тумани бўйича ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси 2-қисми “а,б” бандлари (Фирибгарлик) билан жиноят иши қўзғатилган.

Олиб борилган тергов ҳаракатлари давомида, ушбу жиноятни М.Рокиянинг ўзи содир қилиб, келгусида сотиш мақсадида ушбу тилла-тақинчоқларни яшаш хонадонининг ертўласига яшириб қўйганлиги, унга нисбатан ҳеч қандай фирибгарлик жинояти содир қилинмаганлиги аниқланган.

Жиноят иши доирасида М.Рокия Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 169-моддаси 2-қисми “б” банди (Ўғрилик) билан гумон қилинувчи тариқасида жалб қилинган ва унинг хатти-ҳаракатларига қонун доирасида ҳуқуқий баҳо берилиши таъминланади.

Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. 

    Бошқа янгиликлар