Қурилиш вазири Ботир Зокиров Самарқандда ўтказилган матбуот анжуманида акциядорлари орасида унинг ўғли ва турмуш ўртоғи бўлган “Трест-12” компанияси бир нечта давлат харидларини тендерсиз қўлга киритгани ҳақидаги хабарларга ўз муносабатини билдирди. Бу ҳақда “Дарё” интернет нашри хабар берди.
Қурилиш вазирининг таъкидлашича, “Трест-12” компанияси узоқ йиллик тарихга эга бўлиб, бундай ташкилот республикада кам сонли ҳисобланади.
"Мен ўзим бу ташкилотда 20 йилдан ортиқ вақт давомида ишлаганман. Бу ерда менинг яқинларим, устозларим, 8-10 нафар синфдошларим ҳам ишлаган. Бизда битта тартиб бор, иш вақтида қариндошчилик, таниш-билишчилик деган гап йўқ. Ҳамма нарса қатъият билан олиб борилади. Иш иш билан. Дўстлик, қариндошчиликнинг ўз жойи бор. Бошқачасига иш юритиб бўлмайди. Мен ҳозир бу ташкилотда ишламайман. Aдашмасам, 11 йил бўлди. Бугун кўпчилик савол бермоқда. Нега бу ташкилот тендерсиз қурилишларни ютиб олмоқда? Мен битта нарсани айтишим керак, ташкилотнинг 51 фоиз акцияси давлат улуши ҳисобланади ва ташкилот тўлиқ давлат бошқарувида. Мен ёки менинг оиламнинг умуман алоқаси йўқ",–деган Ботир Зокиров.