Шу кунларда Тошкентда бадиий гимнастика бўйича Жаҳон кубогининг иккинчи босқичи бўлиб ўтмоқда. Мусобақа доирасида ўзбек қизлари тарихда илк бор гуруҳ машқларининг кўпкураш йўналишида ғалаба қозонишди. Бу ҳақда Миллий олимпия қўмитаси хабар берди.
Екатерина Пирожкова бошчилигидаги қизларимиз (Нилуфар Шомуродова, Динара Равшанбекова, Ксения Aлександрова, Севара Сафоева, Камола Ирназарова) дастлаб 5 та тўп билан бажарилган машқда 41.25 балл, 3 ҳалқа ва 2 булавада ўтган машқда эса 35.15, жами 76.40 очко жамғаришга муваффақ бўлишди. Бу билан жамоамиз энг яқин таъқибчисини сезиларли фарқ билан ортда қолдиришга эришди.
Жаҳон кубоги, кўпкураш бўйича гуруҳ машқи
1. Ўзбекистон – 76.40
2. Исроил – 73.55
3. Беларус – 72.25
Таъкидлаш жоиз, бугун бўлиб ўтадиган яккалик беллашувларининг финалида Сабина Ташкенбаева ҳалқа, тўп ва тасмадаги машқларда медаллар учун курашса, Екатерина Фетисова тўп билан машқда ўз маҳоратини намойиш этади.






