АсосийJamiyat

Қоидабузарларга қонуний ва қатъий чоралар кўрилади – ИИВ аҳолини огоҳлантирди

'Қоидабузарларга қонуний ва қатъий чоралар кўрилади – ИИВ аҳолини огоҳлантирди'ning rasmi

Аввалроқ, Тошкент шаҳрида бош вазир Абдулла Арипов бошчилигида коронавирусга қарши кураш комиссиясининг кенгайтирилган йиғилишида 18 апрелдан карантин қоидаларига амал қилинишини назорат қилиш янада кучайтирилиши ҳақида хабар берган эдик. 

Шу муносабати билан Ички ишлар вазирлиги аҳолига мурожаат билан чиқди. 

“Биз хотиржамликка берилиб, ўз соғлигимиз ҳақида ўйлаш нақадар муҳимлиги ҳақида ўйламай қўйдик. Касалланиш ҳолатларининг ошиши, биринчи навбатда оддий эҳтиёт чораларига риоя этмаслик, яъни тиббий ниқобдан фойдаланмаслик, ижтимоий масофани сақламаслик оқибатида юз бермоқда. Шу муносабат билан республика махсус комиссиясининг қарорига кўра, Республикамизда жорий йилнинг 18 апрел кунидан бошлаб карантин қоидалари кучайтирилади. Яъни, жамоат жойларида ниқоб тақиш, ижтимоий масофа сақлаш, шахсий гигиена қоидаларига риоя этиш, қўлларни антисептиклар билан зарарсизлантириш тадбирларининг назорати кучайтирилади ва қоидабузарларга нисбатан қатъий жавобгарлик чоралари кўрилади.

Жамоат транспортлари 50 фоиз сиғимида йўловчилар ташийди ва ушбу мақсадда транспорт воситалари сони оширилади. Тўй ва бошқа маросимларда 100 кишидан ортиқ бўлмаслик белгиланади. Умумий овқатланиш шохобчаларида ўринлар 50 фоизгача чекланади. Ифторлик маросимларини оила аъзолари даврасида ўтказиш тавсия қилинади.

Барча давлат органлари ва ташкилотлар йиғилиш ва мажлислар ўтказишни кескин қисқартиради ҳамда асосий ишга таъсир этмаган ҳолда меҳнат фаолиятини максимал даражада масофадан туриб ташкил этиш чораларини кўради. Анжуманлар ва бошқа тадбирлар имкониятга кўра, асосан онлайн режимда, масофавий тарзда ўтказилади.

Боғча ва мактабларда касалланиш ҳолатлари аниқланган тақдирда уларнинг фаолияти тўхтатилади ҳамда 2 ҳафтага карантинга олиниб, онлайн дарсга ўтилади. Уй шароитида даволанаётган беморларнинг хонадонларида карантин қоидаларига риоя қилиш устидан қатъий назорат ўрнатилади.

Ҳурматли фуқаролар, шу кунгача ички ишлар органлари ходимлари карантин қоидаларини бузган фуқароларга нисбатан асосан огоҳлантириш билан чекланаётган эдилар. Бундан буён қоидабузарларга қонуний ва қатъий чоралар кўрилади”, дейилади вазирлик баёнотида.

Бошқа янгиликлар