Тошкент шаҳрида жойлашган “Ўзбекистон” спорт мажмуасида оғир атлетика бўйича катталар ўртасида Осиё чемпионатига старт берилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Туризм ва спортни риаожлантириш вазирлиги хабар берди.
Эркаклар ўртасида -55 кг вазн тоифасида Ватанимиз шарафини ҳимоя қилган Оғабек Нафасов даст кўтариш машқида кумуш медалга сазовор бўлди. Истеъдодли атлетимиз аввалига 104 кг, кейин эса 108 кг тошни кўтарди. Аммо, учинчи уринишда 111 кг тошни ўзига бўйсундира олмади. Шундай бўлса-да, терма жамоамиз вакили якунда 2-ўринни эгаллади.
Учала имкониятидан унумли фойдаланган қозоғистонлик Чонтай Арли 115 кг натижа билан 1-ўринни эгаллаган бўлса, кучли учликка 108 кг натижа қайд этган яна бир қозоғистонлик спортчи Аблай Аулейханов якун ясаб берди.
Силтаб кўтариш машқида ҳам Оғабекнинг учинчи уриниши омадсиз чиқди ва ҳамюртимиз ўз чиқишини 132 кг натижа билан якунлади. Бироқ, бу натижа унинг совриндорлар сафидан жой олишига камлик қилди. Силтаб кўтаришда ҳам Қозоғистон вакили Чонтай Арли яна тенгсиз эканлигини исботлади, у 140 кг натижа қайд этди. 2-ўринни 137 кг натижа билан Шри-Ланка вакили Диланка Исуру Кумара қўлга киритди. Аблай Аулейханов ушбу йўналишда ҳам бронза медалига сазовор бўлди, у 136 кг натижа қайд этди.
Оғир атлетика бўйича Осиё чемпионати
-55 кг, эркаклар
1. Чонтай Арли – 255 кг (115 кг – даст кўтариш, 140 кг – силтаб кўтариш);
2. Аблай Аулейханов – 244 кг (108, 136);
3. Диланка Исуру Кумара – 241 кг (104, 137).