Кеча, 19 апрель куни ҳамкорликдаги ташкилот масъулларидан иборат ишчи гуруҳ томонидан фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш ва соғлиғини муҳофаза қилиш мақсадида ўтказилган рейд тадбири давомида карантин қоидаларига амал қилмаган 200 нафардан ортиқ фуқаролар расман огоҳлантирилди, дея хабар бермоқда Тошкент вилояти ИИББ.
Шунингдек, огоҳлантиришларга қарамай амалдаги карантин қоидаларини қўпол равишда бузган шахсларга нисбатан тегишли чора қўрилди.
"Тошкент вилояти ИИББ барча фуқароларни яна бир бор огоҳлантириб, карантин қоидаларига қатъий амал қилишга чорлайди.
Инфекция тарқалишининг олдини олиш мақсадида барчамиз саломатлик хавфсизлиги масаласига жиддий қарашимиз зарур ва шарт. Ўзингизни ва яқинларингизни асранг. Белгиланган карантин қоидаларига амал қилинг", дейилади расмий хабарда.






