Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан аҳолини уй-жойлар билан таъминлаш, бозор тамойилларига асосланган ипотека кредитлари ажратишнинг янги тартибини кенг жорий этиш, шунингдек, уй-жой шароитларини яхшилашга муҳтож оилаларни ижтимоий ва молиявий қўллаб-қувватлаш доирасида амалга ошираётган тадбирлар юзасидан кенг жамоатчиликка маълумотлар етказилишини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси томонидан “Ёшлар ижод саройи”да “Очиқ мулоқот” ўтказилмоқда.
"Аҳолини уй-жойлар билан таъминлаш тизимида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг ижтимоий-иқтисодий аҳамияти" мавзуидаги тадбирда тегишли вазирлик ва идоралар, мутасадди ташкилотлар раҳбарлари, оммави ахборот воситалари ходимлари иштирок этмоқда. Тадбирни ЎзЭОАВМА Бош директори Жалолиддин Сафоев кириш сўзи билан очиб берди.
Таъкидлаш ўринлики, жорий йилда республикамизда 54 минг оилаларни уй-жой билан таъминлаш учун давлат Ипотека дастури доирасида жами 45 мингта ёки ўтган йилга нисбатан 2 баравар кўп уй қуриш ва аҳолига янги тартибдаги ипотека кредитларини ажратиш режалаштирилган.
Бу борада тегишли вазифаларни амалга ошириш юзасидан давлатимиз раҳбари томонидан бир қанча фармонлар ва Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари белгилаб қўйилган.
Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 28 ноябрдаги “Ипотека кредит механизмларини такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармонига кўра Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан даромади юқори бўлмаган ҳамда уй-жой шароитларини яхшилашга муҳтож бўлган аҳоли учун ипотека кредити бўйича бошланғич бадал ва (ёки) фоизларнинг бир қисмини қоплаш учун Вазирлар Маҳкамаси томонидан 2020 йил 25 мартда “Уй-жой сотиб олиш учун фуқароларга субсидия тўлаш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида” қарор қабул қилинган.
Тадбирда тегишли раҳбарлар ва мутахассисларнинг ушбу масалалар юзасидан маълумотлар бериши, журналистларни қизиқтирган саволларга жавоб қайтариши кутилмоқда.






