Сурхондарё вилояти Шўрчи туманида савдогарлар уларни ҳақорат қилган паттачиларни тошбўрон қилгани ҳақида хабарлар тарқалди. Вилоят прокуратураси ҳолат юзасидан ўрганиш ишлари олиб борилганини маълум қилди.
Аниқланишича, ҳолат Шўрчи тумани Боботоғ маҳалласи ҳудудида жойлашган «Шўрчи-Шакаркўл» МЧЖга қарашли «Гипермаркет» биноси ҳудудида содир бўлган. Қурилиш-монтаж ишлари олиб борилиши натижасида чиққан ортиқча тупроқларни қурилиш майдони атрофига ташиб чиқариш вақтида бозор ҳудудида савдо фаолиятини олиб бораётган фуқароларнинг савдо қилиш йўлаги вақтинча тўсиб қўйилгани сабабли «Шўрчи-Шакаркўл» МЧЖ назоратчиси А.А. билан ушбу жойда савдо фаолиятини олиб бораётган Т.С. ва бошқалар оғзаки тортишиб, жанжаллашиб қолган. Жанжал вақтида Т.С. ва бошқалар назоратчи А.А.ни шу ерда турган ғишт бўлаклари билан уриб тан жароҳати етказган.
Суд тиббий-экспертиза хулосасига кўра, А. А. нинг олган тан жароҳатлари оғирлик даражаси «енгил тан жароҳатлари» деб баҳоланган. Мазкур ҳолат юзасидан Шўрчи тумани ички ишлар бўлими ҳузуридаги тергов бўлинмаси томонидан 2021 йил 19 апрель куни Т.С. ва бошқаларга нисбатан Жиноят кодексининг 277-моддаси (Безорилик) 2-қисми «б» банди билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Жиноят ишининг тергови прокурор назоратига олинган.






