Фарғона вилоят прокуратураси томонидан Бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси вилоят бошқармаси, Қува ва Фарғона туман бўлимларида “Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги Қонун ижроси ўрганилган. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси матбуот хизмати хабар бермоқда.
Ўрганишлар натижасида 2018-2020 йилларда пенсия тайинлаш комиссиялари томонидан ҳужжатлар тўлиқ ўрганилмаганлиги туфайли бюджет маблағлари ортиқча сарфланган. Бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси Фарғона вилоят бошқармаси, Қува ва Фарғона туман бўлимларида вафот этган фуқаролар номига 19,6 млн сўм пенсия тўланганлиги ва бошқа қонун бузилиш ҳолатлари аниқланган.
Мансабдор ва масъул ходимларга нисбатан тегишли жазо чоралари қўлланилган. Шунингдек, жамғарма ижро этувчи раҳбарияти томонидан тизимда ишловчи ходимларга тушунтириш ишлари олиб борилди.
Эслатиб ўтамиз, агар Сизда пенсия таъминоти билан боғлиқ жумладан, пенсия ва нафақаларни тайинлаш ва тўлашда, тизим бўйича тегишли ҳужжатларни расмийлаштириш ҳамда ижросини таъминлашда, ҳудудий пенсия бўлимларига мурожаат қилганда таъмагирлик, порахўрлик, ўз хизмат ва мансаб ваколатини суистеъмол қилиш каби салбий ҳолатлар, бюрократик тўсиқлар, умуман коррупцион вазиятлар кузатилганда Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасининг 1140 “Ишонч телефони”, www.pfru.uz расмий веб-сайти, t.me/PensionFundRUz расмий телеграм канали, pension_uz@pfca.mf.uz электрон почтаси ҳамда ижтимоий тармоқлардаги расмий саҳифалари орқали мурожаат қилишингиз мумкин.
"Юборилган хабарлар белгиланган тартибда кўриб чиқилади ҳамда мурожаат қилувчининг шахси сир сақланиши кафолатланади" дейилади хабарда.






