Чилонзор туманида жойлашган “Чилонзор деҳқон бозори”да ушбу бозорнинг хавфсизлик бўйича мутахассиси – 26 ёшли йигит бозорда ишлайдиган сотувчига бозор маъмурияти томонидан ўрнатилган қоидага асосан савдо қилиши ҳақида танбеҳ беради. Шу сабаб уларнинг ўртасида ўзаро жанжал келиб чиқади. Хавфсизлик бўйича мутахассис сотувчи танасининг турли жойларига уриб тан жароҳати етказади. Бу ҳақда жиноят ишлари бўйича Чилонзор туман суди судьяси Жаъфар Қурбонов хабар қилди...
Суд тиббий экспертизасининг хулосасига кўра...
Жабрланувчи – сотувчида бош мия ёпиқ жароҳати, бош мия чайқалиши, чап яноқ суяги ёйи ёпиқ силжиб синиши, чап гаймар бўшлиғи олд ва ички деворлари ёпиқ синиши, чап яноқ сохасида қонталаш, бел сохаси юмшоқ тўқималари лат ейиши каби жароҳатлари бўлган. Ушбу жароҳатлар оғирлик даражасига кўра, ўртача оғир тан жароҳатлари тоифасига кириши аниқланган.
“ҚИЛГАН ИШИМДАН ПУШАЙМОНМАН”
Судда судланувчи – хавфсизлик бўйича мутахассис айбига қисман иқрор бўлди...
— Бозорга келиб, хизмат вазифамни ўтаётганимда сотувчи – жабрланувчи ўзига тегишли бўлган растадан ташқарида бир қоп картошкани ерга кўйиб сотиб ўтирганини кўрдим. Унинг олдига бориб хизмат вазифамдан келиб чиқиб, бозор маъмурияти томонидан ўрнатилган қоидаларга асосан савдо қилишни айтдим. Шунда сотувчи шахсиятимга тегадиган ҳар хил сўзлар билан ҳақарот қилди. Бундан жахлим чиқиб, сотувчини юз қисмига бир маротаба қўлим билан урдим. Сўнг у орқасига қайрилиб, расталар томонга караб югурди. Пичоқ олиши мумкин, деб ўйлаб ундан олдин растага югуриб бориб, пичоқни олиб қўйдим. Сотувчи менга қарата тош отмоқчи бўлди. Шунда атрофдаги фуқаролар бизларни ажратиб юборишди. Қилган ишимдан пушаймонман. Сотувчидан узр сўрайман, лекин жабрланувчига етказилган зарарни қоплаш имконим йўқ...
Судланувчи айбига қисман иқрор бўлган бўлса-да, унинг айби жиноят ишида тўпланган ва суд мажлисида аниқланган далиллар билан исботланди.
“ПИЧОҚ БИЛАН МЕНГА ТАШЛАНДИ”
Судда жабрланувчи қуйидагиларни баён қилди...
— “Чилонзор деҳқон бозори”да якка тартибдаги тадбиркор сифатида савдо қиламан. Тонгда бозорга картошкани олиб келиб, ўз растамда сотиш учун ерга туширдим. Бироқ ёнимдаги сотувчилар йўлимни тўсиб қўйганм сабаб, бир қоп картошкани ерга қўйиб сотмоқчи бўлдим. Шу вақтда бозор хафсизлик ходими ёнимга келиб, ердан картошкаларни олишимни айтди. Картошкани сотиш учун йўлимни очиб қўйишни назоратга олишини айтдим. Сўнг у менга нима сабабдан уни ҳақорат қилаётганимни сўради. Ҳақорат қилмаганимни айтганимни биламан, юзимга қўли билан урди ва қўлидаги пичоқ билан менга ташланди. Тарози билан ўзимни ҳимоя қилдим. Шундан сўнг ИИБ ходимлари етиб келишди. Соғлигимни тиклаш учун 4.000.000 сўм сарфладим. Ушбу зарарни қоплаб берса, унга нисбатан даъвом йўқ.
Судланувчи ЖК 105-моддасининг 1-қисми билан ойлик иш ҳақининг 10 фоизи миқдори давлат даромади ҳисобига ушлангани ҳолда, 2 йил муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди.
Жабрланувчига етказилган моддий ва маънавий зарарни ундириш масаласида фуқаролик ишлари бўйича туманлараро судига мурожаат қилиши мукинлиги тушунтирилди.






