Ўзбекистонда 1 майдан бошлаб ётоқхона билан қамраб олинмаган, ижарада яшайдиган талабалар ойлик ижара пулининг 50 фоизи давлат бюджетидан тўлаб берилади. Бу ҳақда Молия вазирлиги маълум қилди.
Хабарга кўра, бу Шавкат Мирзиёевнинг «Ёшлар бандлиги ва тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш, уларни ижтимоий ҳимоя қилиш ҳамда бўш вақтини мазмунли ташкил этишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармонида белгиланган.
Фармон билан, 2021 йил 1 майдан бошлаб ётоқхона билан қамраб олинмаган ва ўзига, шу жумладан ота-онаси (қонуний вакиллари)га тегишли бўлмаган уйда ижара ҳуқуқи асосида яшайдиган давлат олий таълим муассасалари талабаларининг 60 фоизига улар томонидан тўланадиган ойлик ижара тўловининг 50 фоизи давлат бюджети ҳисобидан қоплаб берилади. Бунда:
- ижара тўловининг қоплаб бериладиган қисми Тошкент шаҳрида — базавий ҳисоблаш миқдорининг 1 баравари (245 минг сўм), қолган ҳудудларда — базавий ҳисоблаш миқдорининг 0,5 бараваридан ошмаслиги лозим.
- ижара тўловининг қоплаб бериладиган қисми биринчи навбатда эҳтиёжманд оила фарзандлари, ўрнак кўрсатган ва фаол талабалар учун қоплаб берилади.






