18 апрель куни номаълум шахслар Тошкент шаҳри Чилонзор туманида очиқдан-очиқ талончилик жиноятини содир этди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти хабар берди.
Маълум қилинишича, шу куни соат 04:30ларда Қатортол кўчасида жойлашган “Қатортол савдо маркази” қаршисида турган 28 ёшли М.Улуғбекнинг ёнига нотаниш кишилар келиб, гўёки гаплашиб олиш учун деб «Iphone 7» русумли телефон аппаратини сўраб олган.
Шундан сўнг, ушбу телефон аппарати ва ғилофининг ичида бўлган 500 АҚШ доллар пулларини очиқдан-очиқ талон-торож қилиб, “Nexia-3” русумли автомашинага ўтириб ҳодиса жойидан яширинган.
Олиб борилган тезкор-қидирув ҳаракатлари натижасида ушбу жиноятни 19 ёшли Ф.Ҳусниддин, вояга етмаган 17 ёшли Б.Зиёмуҳаммад ва Ж.Жаҳонгирлар содир этганликлари аниқланиб, улардан М.Улуғбекка тегишли телефон аппарат ашёвий далил тариқасида расмийлаштириб олинган.
Мазкур ҳолат юзасидан Чилонзор тумани бўйича ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Ф.Ҳусниддин, Б.Зиёмуҳаммад ва Ж.Жаҳонгирларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 166-моддаси 2-қисми “в” банди (Талончилик) билан жиноят иши қўзғатилган.
Тергов ҳаракатлари давомида, жабрланувчига етказилган 500 АҚШ доллар миқдоридаги моддий зарар қайтарилган.
Ҳозирда дастлабки тергов давом этмоқда.
Таъкидлаш жоизки, бу турдаги жиноятлар учун Жиноят кодекси нормаларига кўра 3 йилдан 5 йилгача озодликни чеклаш ёхуд 3 йилдан 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланади.






