АсосийJamiyat

ЎФА келишилган ўйинларга қарши курашиш мақсадида янги мобил иловани ишга туширади

'ЎФА келишилган ўйинларга қарши курашиш мақсадида янги мобил иловани ишга туширади'ning rasmi

Ўзбекистон футбол ассоциацияси келишилган ўйинларга қарши курашиш мақсадида Ўзбекистон футболчилари касаба уюшмаси билан ҳамкорликни йўлга қўйди. Бу ҳақда Туризм ва спорт вазирлиги маълум қилди.

Шу мақсадда ЎФА Бош котиби Аваз Максумов ҳамда касаба уюшма раҳбари Камолиддин Мурзоев иштирокида учрашув бўлиб ўтди.

Унда келишилган ўйинларга қарши курашиш бўйича FIFA ва FIFPro қўшма лойиҳаси “Red Button” мобил иловасини Ўзбекистонда амалга татбиқ этиш мақсадида ҳамкорлик меморандуми имзоланди.

Мазкур мобил илова орқали келишилган ўйинларни ташкил этиш мақсадида футболчиларга таъсир ўтказиш, уларни келишувларда қатнашишга мажбурлаш каби ҳолатлар ҳақида футболчилар аноним тарзда ЎФАга маълумот юбориш имкониятига эга бўлади. Бунда юборувчиларнинг шахсий маълумотлари сир сақланишига кафолат берилади.

Бугунги кунда ушбу дастурдан дунё бўйлаб 60 мингдан ортиқ профессионал футболчилар фойдаланмоқда ва бу келишилган ўйинлар бўйича ўзига хос футболчилар жамоатчилиги назоратини англатади.

“Red Button” иловасидан фақатгина ўйинчилар фойдаланади ва бу умумий маълумот сифатини оширишга хизмат қилади. Бизга берилган маълумотга асосан, Халқаро жиноий полиция ташкилоти – Интерпол мутахассислари “Red Button” дастурини синовдан ўтказдилар ва уни бузиб, фойдаланувчилар маълумотини қўлга киритишнинг имкони бўлмаган. Натижада Интерпол мазкур дастурни 20та муқобил иловалар ичида энг хавфсиз маълумот бериш воситаси сифатида тасдиқлаган”, – дейди Ўзбекистон футболчилари касаба уюшмаси раҳбари Камолиддин Мурзоев.

“Иловадан фойдаланиш хавфсиз эканлигига футболчиларни ишонтириб айта оламизки, улар керакли ахборотни аноним бўлишини истаса, мавжуд тизим мазкур маълумотни ким юборганлигини аниқлашга тўсқинлик қилиши мумкин. Ҳатто футболчи маълумот юборган шахсий телефонини йўқотиб қўйган тақдирда ҳам, ушбу қурилма орқали дастурдан фойдаланганлигини аниқлаб бўлмайди”, – дея қўшимча қилди Камолиддин Мурзоев.

    Бошқа янгиликлар