Жорий йилнинг 22 апрель куни «Tashkent Law Spring» II халқаро юридик форумига старт берилди. Бу ҳақда Адлия вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими хабар бермоқда.
Мазкур форум иккинчи бор Адлия вазирлиги томонидан асосий ҳамкорлар — БМТТД, ЕХҲТ ва қатор бошқа Халқаро ташкилотлар кўмагида ўтказилмоқда. Юзага келган шароитларни ҳисобга олган ҳолда жорий йилда форум янги, таъбир жоиз бўлса гибрид форматда хорижий меҳмонларининг масофавий, миллий экспертларнинг бевосита иштирокида ўтмоқда.
Форумнинг бош мавзуси бўлган «Ҳуқуқ 4.0» (ҳуқуқ тўртинчи саноат инқилоби шароитида)нинг долзарблигини ифода этади.
Бутунжаҳон иқтисодий форуми прогнозига кўра, Тўртинчи саноат инқилобининг аксарият технологияларидан 2027 йилга келиб кундалик ҳаётда фойдаланилади, бироқ Covid-19 пандемияси бу жараённи сезиларли равишда жадаллаштирди. Бундай шароитларда юристлар олдида ҳуқуқий институтлар ва воситаларини жадал ўзгариб бораётган янги муҳитга мослаштиришдек муҳим вазифа турибди. Бу нафақат мослаштириш, балки қонунчиликнинг келажакдаги ўзгаришларга тайёрлигини таъминлашни талаб қилади. Бу жараёнда эса инсоннинг фундаментал ҳуқуқларга жиддий риоя қилиш кераклигини англатади.
Ҳуқуқ соҳасида рақамлаштириш таъсири остида рўй бераётган тенденцияларни аниқлаш, ҳуқуқ, ижтимоий-иқтисодий муносабатлар, давлат бошқаруви тизимининг янада ривожланишини прогнозлаш зарурати муҳим аҳамият касб этади.
Ялпи йиғилишда сўзга чиққан адлия вазири Русланбек Давлетов илмий-техникавий тараққаёт ютуқлари замонавий хаётнинг деярли барча соҳалари, жумладан қонун ижодкорлиги соҳасини ҳам четлаб ўтмаганини қайд этди. Хусусан, Ўзбекистонда рақамли технологиялардан фойдаланиш меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва келишишнинг Ягона электрон тизимини яратиш имконини берди. Биргина 2020 йилнинг ўзида мазкур тизим орқали электрон шаклда мингдан ортиқ лойиҳа келишилган. Яқин ўн йилликларда қонун ижодкорлигини янги технологияларга мослаштириш тезлиги миллий юрисдикциялар рақобатбардошлигини таъминлашнинг муҳим жиҳатига айланади.
Шунингдек спикерларнинг фикрича, рақамли платформалар давлат ва жамият виртуал мулоқотининг янги муҳитини шакллантиради.Кўпинча ўзаро ҳамкорлик ижтимоий тармоқлар орқали амалга оширилади. Амалиёт шуни кўрсатмоқдаки, Ўзбекистондаҳокимиятнинг фуқаролар билан мулоқотининг энг қулай шакли — мобиль иловалар йўлга қўйилган. Мазкур йўналишда кўринмас давлат концепциясининг улкан салоҳияти мужассам бўлиб, унинг ёрдамида онлайн режимда давлат билан боғлиқ ҳар қандай масалани ечиш мумкин.
Замонавий рақамли технологияларни жорий этиш давлат органларининг очиқлик ва шаффофлиги, фуқароларнинг давлат бошқаруви сифатидан қониқиш даражасини ошириш, шунингдек коррупциявий хатарлар ва яширин иқтисодиёт улушини тубдан қисқартиришда муҳим аҳамият касб этади.
Айни пайтда дунё мамлакатлари олдида инсонлар ҳаётига янги технологиялар жорий этилиши муносабати билан қатор хатарлар турибди. Хусусан, Ўзбекистон учун электрон тижоратни ривожлантириш ва мазкур соҳадаги даромадларни қонунийлаштириш, ер участкаларини онлайн аукционлар ва танловлар ёрдамида ажратиш тартиб-таомилларини такомиллаштириш, иқтисодиётнинг турли тармоқларида рақамли технологияларни қўллаш орқали меҳнат унумдорлигини ошириш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилари фаолиятига маъмурий аралашуви тўлиқ бартараф этиш, аграр секторида қўшилган қиймат занжирини яратиш ва бошқа масалалар долзарб ҳисобланади.
Таъкидланганидек, тўртинчи саноат инқилоби шароитида ҳуқуқий институтларга янгича назар билан боқиш ва анъанавий ҳуқуқий механизмларни янги воқеликларга изчил мослаштириш зарур.
«Tashkent Law Spring» халқаро юридик форуми етакчи халқаро ва миллий экспертлар иштирокида замонавий тенденцияларни муҳокама қилиш ва ҳуқуқни янада ривожлантириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш, шунингдек халқаро ҳамжамиятни Ўзбекистонда амалга оширилаётган ҳуқуқий ислоҳотлар тўғрисида хабардор қилиш учун ўзига хос майдонча вазифасини ўтайди.
Форум ишида Ўзбекистон ва қатор хорижий мамлакатлар адлия вазирлари иштирок этмоқда. Хусусан, ялпи йиғилиш ва муҳокама сессияларида
Сингапур адлия вазири Касивисванатан Шанмуган, Россия адлия вазири Константин Чуйченко, Буюк Британия адлия вазири Лорд Дэвид Вольфсон, Япония адлия вазири Ёко Камикава, Корея Республикаси ҳукумат қонунчилиги вазири Ли Кан-Соп, Қозоғистон адлия вазири Марат Бекетаев, Озарбайжон адлия вазири Фикрет Фаррух ўғли Мамедов, Беларус адлия вазири Олег Слижевский, Шри-Ланка адлия вазири Али Сабри ва бошқалар сўзга чиқади.
Умуман олганда tashkentlawspring.uz сайтида дунёнинг 25 та мамлакати шунингдек, 20 та халқаро ташкилот, суд ва бошқа давлат органлари, халқаро ташкилотлар, етакчи юридик ҳамда консалтинг фирмалар раҳбарлари ва вакиллари, адвокатлар, юриспруденция, халқаро ҳуқуқ ва иқтисодиёт соҳаларидаги таниқли олимлар, мутахассислар ва экспертлар рўйхатдан ўтган.
Форум доирасида давлат ҳуқуқий сиёсати, давлат органлари очиқлигини таъминлаш, LegalTech ва LawTech (ҳуқуқ технологиялари), умумий (инглиз) ҳуқуқ, коронавирус пандемияси билан боғлик чекловлар шароитида медиация ва арбитраж, интеллектуал мулк ҳимояси, давлат сиёсатини амалга ошириш (Policy Implementation), рақамлаштириш даврида суд ҳокимиятининг мустақиллиги, адолатлилиги ва холислигини таъминлаш ва бошқа долзарб мавзуларда сессиялар ўтказилиши режалаштирилган.
Шу билан бирга форум доирасида «Давлат хизматлари соҳасидаги энг яхши амалиёт», «Рақамли муҳитда ҳуқуқий ахборот тарқатиш истиқболлари», «Электрон нотариат», «Адвокатурани ривожлантириш ва фуқаролик жамиятини такомиллаштириш» каби мавзуларда давра суҳбатлари ўтказилади.
Бундан ташқари, "Маълумотлар ва ахборотни бошқариш" мавзусида маҳорат дарси ўтказилиши режалаштирилган.
Форумнинг асосий тили ўзбек тили ҳисобланиб, рус ва инглиз тилларига синхрон таржима амалга оширилади.






