Навоийда "Тик-Ток” ижтимоий тармоғи орқали бетайин қилиқлар билан кўпчиликнинг ҳақли эътирози ва нафратига сабабчи бўлган икки йигитнинг Навоийлик қизларнинг шаънини таҳқирлаган ҳолати акс этган видео лавҳа тарқалган эди.
Мазкур шахсларга нисбатан тўпланган маъмурий иш ҳужжатлари Навоий шаҳар ИИО ФМБ томонидан жиноят ишлари бўйича Навоий шаҳар судининг иш юритуви мазмунан кўриб чиқиш учун юборилган.
Жорий йилнинг 13 апрель куни жиноят ишлари бўйича Навоий шаҳар суди томонидан Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 183-моддаси билан ҳуқуқбузарлик содир этган шахсларга нисбатан тўпланган маъмурий иш ҳужжатлари кўриб чиқилди.
Бинобарин, суд мажлисида сўроқ қилинган ҳуқуқбузарлар қилмишларига иқрорлик билдириб, ҳақиқатдан ҳам 2021 йил 8 апрель куни соат 2200 ларда Навоий вилояти, Қизилтепа тумани, “Афросиёб” тўйхонаси ёнида “Тик-Ток” ижтимоий тармоғида уятсиз қилиқлар тасвирланган, оғизга олиб бўлмайдиган уятли сўзлар айтилган лавҳаларни жойлаштириб, жамиятда юриш туриш қоидаларини қасддан менсимасдан безорилик қилганликлари, ҳозирда қилмишларидан пушаймонликларини билдиришиб, қонуний енгиллик беришни сўрашган.
Суднинг қарорига кўра, ҳуқуқбузарлар Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 183-моддасида назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир этган деб топилди ва уларга нисбатан 10 (ўн) сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланди.