1

Фарғонада каналга ташлаб юборилган 9 ёшли қизчани қутқариб қолган 9-синф ўқувчиси воқеа қандай юз берганини гапириб берди

ЖАМИЯТ 23.04.2021, 13:31
Фарғонада каналга ташлаб юборилган 9 ёшли қизчани қутқариб қолган 9-синф ўқувчиси воқеа қандай юз берганини гапириб берди

Фарғона вилояти Бувайда туманида 14 апрель куни 9 ёшли қизнинг бошига уриб, каналга ташлаб юборган аёл ушлангани ҳақида хабар берилган эди. 

Буни кўриб қолиб, қизчани қутқариб қолган Бувайда туманининг 2-умумтаълим мактаби, 9-синф ўқувчиси Шуҳрат Янгиевнинг айтишича, у воқеа содир бўлган куни отасига қарашиш учун далага келади. Тушлик вақтида бироз толиққан Шуҳрат зовур ёнида дам олиш учун ўтиради. Шунда бир аёл фарзанди билан канал ёнига келиб сайр қилаётгани, сўнгра қизчани каналга улоқтириб ўзи тезлик билан автомобилга ўтириб кетганини кўради.  

Аниқланишича, фуқаро турмуш ўртоғини, у билан шаръий никоҳ асосида яшаб келаётган аёлдан рашк қилган. Кундошидан ўч олиш мақсадида унинг 2012 йилда туғилган вояга етмаган қизини мактабдан алдаб, “Ойимтарра” канали яқинига олиб келиб, уни қасддан ўлдириш мақсадида номаълум жисм билан бош соҳасига уриб, каналга ташлаб юборган.  

Бу воқеани кўрган Шуҳрат Янгиев ўйлаб ҳам ўтирмай ўзини сувга ташлаб қизалоқни сувдан қутқариб олади ва мазкур ҳолат тўғрисида ўз вақтида туман ИИБга хабар қилган. Ўзининг инсонийлик бурчини аъло даражада бажарганлиги учун бувайдалик Шуҳрат Янгиев вилоят прокуратураси ҳамда ички ишлар борқамасининг ташаккурнома ва қимматбаҳо совғалари билан тақдирланди.

Шу ўринда бир мулоҳаза. Бизнингча жуда ёш бўлишига қарамай юксак жасорат намунаси ва фаол фуқаролик позициясини намоён этган Шуҳратжонни бутун Фарғона, керак бўлса Ўзбекистон бўйлаб қаҳрамон қилиб кўрсатишимиз зарур. У ҳали совуқнинг заҳри кетмаган шу кунларда муздай сувнинг ичидан бир инсонни қутқариб, ҳатто ўз ҳаётини хавф остига қўйиб, чин ўзбек йигитининг мардлигини кўрсатди. Энг муҳими, мудхиш бир жиноятнинг олдини олди. Шуҳрат Янгиевни шахсан вилоят ҳокими ва Халқ таълими вазири йўқлаб, унга оддий бир совғалар эмас, керак бўлса автомашина ёки бир уй совға қилсалар ҳам кам. У ижтимоий тармоқларнинг номини айтгимиз келмади-ю, аммо одамнинг асабини бузадиган ва энсасини қотирадиган масхаромуз бир бемаъни қилиқларни қилгани учун “ҚАҲРАМОН”га айланиб қимматбаҳо совғалар олаётган айрим йигит-қизлардан кўра Шуҳратжоннинг иши ҳақиқий қаҳрамонлик эмасми? Бизнинг-журналист ва блогерларнинг (негадир улар жим туришибди) вазифаси эса, ана шундай мард ўзбек йигити жасорати ҳақида бутун дунёга жар солишдир. Афсуски, 8 кун ўтди ҳамки, ундай эмас... Шуҳратжон, отангизга раҳмат!

Аҳрор Зиятов, Фарғонадан махсус тайёрланди

Шарҳлар

Меҳмон 23.04.2021, 10:36
Умри узоқ бўлсин Шухратжонни!
Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1