1

Хотинимни уйдан чиқариб юбориш учун судга ариза берсам бўладими?

ЖАМИЯТ 23.04.2021, 15:15
Хотинимни уйдан чиқариб юбориш учун судга ариза берсам бўладими?

"Даракчи" таҳририятига Жиззах вилоятида яшовчи А.Абдусалимовдан қуйидагича мурожаат келиб тушди:

— Раҳматли отамнинг номидаги уйда рафиқам билан яшайман. 2 нафар фарзандимиз бор. У уйда опам ҳам истиқомат қилади. Рафиқам билан ажрашмоқчиман, никоҳни бекор қилиш учун судга ариза берганман. Хотинимни уйдан чиқариб юбориш учун судга ариза берсам бўладими?

Фуқаронинг мурожаатига жавоб олиш мақсадида Фуқаролик ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туманлараро суди судьяси Адила СУЛТАНОВА билан боғландик...
— Турмуш ўртоғингиз ушбу турар-жойга келин бўлиб тушган бўлса, никоҳдан ажрашаётганингиз уни турар-жойидан кўчиришга асос бўлолмайди. Чунки Уй-жой кодексининг 32-моддасига кўра, уй, квартира мулкдорининг оила аъзолари, шунингдек, у билан доимий яшаётган фуқаролар, агар уларни кўчириб келган пайтда ёзма равишда бошқа ҳол қайд этилган бўлмаса, уйдаги, квартирадаги хоналардан мулкдор билан тенг фойдаланишга ҳақли. Улар мулкдор берган турар-жойга ўзларининг вояга етмаган фарзандларини кўчириб киритиш ҳуқуқига эга. Оиланинг бошқа аъзоларини эса уй, квартира мулкдорининг розилиги билангина кўчириб киритишлари мумкин. Бу шахслар уй, квартиранинг мулкдори билан оилавий муносабатларни тугатган тақдирда ҳам уларда турар-жойдан фойдаланиш ҳуқуқи сақланади. Ушбу кодекснинг 64-моддасида белгиланган асосларга кўра, уй мулкдори билан бирга яшаётган фуқаролар турар-жойни бузаётган ёхуд шикастлантираётган ёки ундан ўз мақсади бўйича фойдаланмаётган ёхуд турмуш қоидаларини мунтазам бузиб бошқаларнинг у билан бир квартира ёки 1 уйда яшаш имконини бермаётган бўлса, бунда огоҳлантиришлар ва жамоат таъсир чоралари натижа бермаган бўлса, мулкдор ва манфаатдор шахсларнинг талаби бўйича айбдорларни бошқа турар-жой бермай, кўчириш суд тартибида амалга оширилиши мумкин.

Садоқат АЛЛАБЕРГАНОВА

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1