1

Сўнгги 3 ойда "103"га 2 мингга яқин асоссиз чақириқ келиб тушди — ССВ

ЖАМИЯТ 23.04.2021, 18:56
Сўнгги 3 ойда "103"га 2 мингга яқин асоссиз чақириқ келиб тушди — ССВ

2021 йилнинг биринчи чорагида тез тиббий ёрдам хизматига 2 миллион 709 минг 135 та чақриқ келиб тушди. Афсуски, уларнинг 1 минг 874 таси асоссиз чақириқлардан иборат, дея хабар қилди ССВ Ахборот хизмати.  

Рақамларга кўра, ўтган 2020 йилда юртимиз аҳолиси томонидан “103” хизматига 11 миллион чақириқ келиб тушган бўлса, 2021 йилнинг биринчи чорагига келиб, бу кўрсаткич 2 миллион 709 минг 135 тани ташкил этди.  

Шундан Фарғона, Андижон вилоятларида 300 мингдан зиёд, Тошкент, Наманган, Самарқанд, Сурхондарё, Қашқадарё вилоятлари ҳамда пойтахтимизда эса  200 мингдан ортиқ чақириқлар қайд этилди.

Маълумот ўрнида айтиш лозимки, ўтган йилнинг айни шу даврига келиб, юртдошларимиз томонидан тез тиббий ёрдам хизматига 3 миллиондан зиёд чақириқ келиб тушган эди. Буни эса 2020 йилдаги пандемия шароити билан боғлаш ўринли. Боиси, карантин даврида “COVID-19” инфекциясини юқтириш хавфи туфайли уйдан чиқишни истамаган фуқароларнинг аксарияти “тез ёрдам”га қўнғироқ қилган.

Таъкидлаш лозимки, давлатимиз томонидан яратилаётган замонавий шароитларга қарамай, соҳада ечимини кутаётган муаммолар, ҳал этилиши зарур бўлган масалалар ҳам йўқ эмас. Мисол учун, баъзан тез тиббий хизмат ходимлари ёрдамга муҳтож бемор олдига ўз вақтида етиб бора олмаган ҳолатлар кузатилади.  

Хўш, “103” хизмати зарур ходимлар, замонавий ҳамда барча зарур тиббий жиҳозларга эга ихтисослашган автотранспорт воситалари билан тўлиқ таъминланган бўлса-ю, нега “тез ёрдам” хизмати кечикмоқда?  

Бунга асосий сабаб сифатида фуқаролар томонидан бўладиган асоссиз чақириқларни келтириб ўтиш мумкин. Асоссиз чақириқларга манзили аниқ кўрсатмаслик, етиб борганда эшик очмаслик ёки беморнинг жойида бўлмаслиги, чақириқни рад этиш каби ҳолатлар киради.

Бу борадаги рақамларни таҳлил қилсак, 2021 йилнинг биринчи чорагида фуқаролар томонидан тез тиббий ёрдам хизматига 2 мингга яқин асоссиз чақириқ келиб тушган.  

Бундай чақириқларнинг энг кўпи  

- Сурхондарё вилоятида қайд этилиб, бу рақам 497 тани ташкил қилди. Шунингдек:

- Фарғона вилоятида 387 та,  

- Тошкент вилоятида 249 та,  

- Қашқадарё вилоятида эса 204 та асоссиз чақириқ тез тиббий ёрдам хизматига келиб тушди.

Маълумот ўрнида айтиб ўтиш жоизки, 2020 йилнинг айни шу даврида 3 мингга яқин асоссиз чақириқ қайд этилган.  

Тўғри, аҳолимизнинг тиббий саводхонлиги, шахсий масъулияти ортиши натижасида бу рақамлар йилдан йилга камайиб бормоқда. Бироқ ҳар бир асоссиз чақириқ туфайли ўша вақтда бошқа бир инсоннинг ҳаёти хавф остида қолиши мумкинлигини барчамиз ёдда тутмоғимиз зарур.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1