Андижон вилояти божхона бошқармаси Контрабандага қарши курашиш ва божхона аудити бўлими ходимлари томонидан навбатдаги қонунбузилиш ҳолати фош этилди.
Олинган тезкор маълумотларга асосан, Андижон шаҳрида фуқаро Э.М. бошқарувидаги “Ласетти 2” русумли автотранспорт воситаси белгиланган тартибда кўздан кечирилди.
Кўздан кечириш натижасида автотранспорт воситаси салон қисмида фуқаро Э.М.га тегишли бўлган, сифати кафолатланмаган, умумий қиймати 51,2 миллион сўмлик хорижда ишлаб чиқарилган 2000 дона “Трамадол 50 мг” ва 8 дона “Тропикамид 1%” номли кучли таъсир қилувчи дори воситалари борлиги аниқланиб, ашёвий далил тариқасида вақтинча сақловга олинди.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан божхона органлари томонидан суриштирув ҳаракатлари давом эттирилмоқда.