АсосийJamiyat

Наманган шаҳри таркибида Янги Наманган тумани ташкил этилди

'Наманган шаҳри таркибида Янги Наманган тумани ташкил этилди'ning rasmi

Наманган шаҳри таркибида Янги Наманган тумани ташкил этиш бўйича Олий Мажлис Сенатининг тегишли қарори қабул қилинди.

Наманган вилоятининг Наманган шаҳри таркибида Янги Наманган туманини ташкил этиш ташаббуси Шавкат Мирзиёевнинг вилоятга қилган ташрифида айтилган эди.

Наманган шаҳри 1926 йилда ташкил этилган бўлиб, бугунги кунда унинг аҳолиси 640,1 минг нафарни, умумий ер майдони 18 минг гектарни ташкил қилмоқда.

Қайд этиш лозимки, 2019 йилда вилоятнинг Чортоқ ва Наманган туманларидан 57 минг нафар аҳоли истиқомат қилувчи 6,3 минг гектар ер майдонлари Наманган шаҳри таркибига қўшилиши натижасида ушбу ҳудудда яшовчи аҳолининг шаҳар марказига қатновида турли муаммолар юзага келди.

Ҳудуд аҳолисига хизмат кўрсатувчи тиббиёт муассасалари шаҳар марказидан 15-20 км узоқликда жойлашганлиги, саноат корхоналарининг камлиги сабабли фуқароларни иш билан таъминлашда муаммолар юзага келаётганлиги аҳолининг эътирозларига сабаб бўлмоқда.

Бундан ташқари, 7 та маҳалла ичимлик суви билан тўлиқ таъминланмаган, ички йўллар эса бугунги кунда таъмирталаб ҳолатда.

2020 йилда Наманган шаҳри таркибида 4,9 минг гектар ер майдони ҳамда 151 минг нафар аҳолини ўз ичига олувчи Давлатобод тумани ташкил этилди.

Натижада, Давлатобод туманида бугунги кунда урбанизация жараёни жадаллашиб, янги инфратузилма объектлари барпо этилмоқда ва аҳолига хизмат кўрсатиш тизими янада ривожланишига хизмат қилмоқда.

Шу сабабли ҳам Наманган шаҳри ҳудудининг 8,2 минг гектар ер майдони ҳамда 155,6 минг нафар аҳолисига эга яна бир Янги Наманган туманини ташкил этиш ва бу орқали фуқароларни қийнаётган муаммоларни бартараф этиш ҳамда аҳолига қулайлик яратиш чораларини кўриш таклифи илгари сурилмоқда.

Муҳокама қилинаётган Сенат Қарори лойиҳасига кўра Янгидан ташкил этиладиган туман ҳудудига 24 та маҳалла фуқаролари йиғини, 21 та умумтаълим мактаби, 40 та мактабгача таълим муассасаси, 2 та тиббиёт муассасаси ва 12 та касалхона ўтказилмоқда.

Янги Наманган туманининг саноат ва ишлаб чиқаришдаги ролини ошириш мақсадида истиқболда 16 та саноат корхоналари ва 4 та кичик саноат зоналари фойдаланишга топшириш режалаштирилган.

Бунинг натижасида саноат корхоналарида ишлаб чиқариладиган маҳсулот ҳажмларининг шаҳар саноатидаги умумий улуши 1 трлн сўмга етказилиб, минглаб янги иш ўринлари яратилади.

Янги Наманган туманининг ташкил қилиниши туманда замонавий инфратузилма объектлари барпо этилиши ва аҳолига хизмат кўрсатиш тизими янада ривожланишига ва энг асосийси аҳолининг турмуш фаровонлигини оширишда хизмат қилади.

Бошқа янгиликлар