AОКAда ўтказилган матбуот анжуманида «Ўзсувтаъминот» АЖ мутасаддиси шаҳарлар аҳолисини оқова сув билан қамраш даражаси оширилиши ҳақида маълумот берди. Бу ҳақда "Даракчи" мухбири хабар берди.
Берилган маълумотларга кўра, бугунги кунда республикада истиқомат қилаётган 34,2 миллион аҳолидан 5,9 миллиони ёки 17,2 фоизи оқова сув хизматлари билан таъминланган. Мавжуд 58 та оқова сув тозалаш иншоотининг лойиҳа бўйича суткалик қуввати 3,6 миллион метр кубни ташкил этади. Ҳозирда суткасига истеъмолчилар томонидан канализация тармоқларига ташланган 2,7 миллион метр куб оқова сувлар тозаланмоқда.
Бундан ташқари, Президентнинг 2020 йил 25 сентябрдаги 6074-сонли фармонига асосан, 2021–2025 йилларда республика ва вилоятларга бўйсунувчи 32 та шаҳарда жами 1035,4 миллион АҚШ доллари миқдоридаги маблағлар ҳисобидан кунлик қуввати 3386,0 минг куб метр бўлган оқова сув тозалаш иншоотлари ва 3605,7 километр оқова сув тармоқларини қуриш ва реконструкция қилиш режалаштирилган. Мазкур қурилиш ва реконструкция қилиш ишлари амалга оширилиши натижасида шаҳарлар аҳолисининг оқова сув хизматлари билан қамралганлик даражаси 57,8 фоиздан 87 фоизга ошади.
Шунингдек, 2021–2025 йилларда 155 та туман марказларида жами 1652,9 миллион АҚШ доллари ҳисобидан кунлик қуввати 719,5 минг куб метр бўлган оқова сув тозалаш иншоотлари ва 4070,5 километр оқова сув тармоқларини қуриш ва реконструкция қилиш режалаштирилган.






