26 апрель куни “Qanot Sharq” хусусий авикомпаниясининг илк самолёти Тошкент шаҳрига қўнди. Хусусий компаниянинг илк самолётини тантанали кутиб олиш маросимига бағишланган тадбирда Ўзбекистон Республикаси Бош вазир ўринбосари – Туризм ва спорт вазири Азиз Абдуҳакимов иштирок этди. Бу ҳақда "darakchi.uz"га Туризм ва спорт вазирлиги Матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, самолёт 26 апрел куни соат 14:20лар атрофида Тошкентга қўнди.
Самолётни кутиб олишга бағишланган тадбирда иштирок этаётган бош вазир ўринбосари, туризм ва спорт вазири Азиз Абдуҳакимовга кўра, авиация соҳасида монополияга барҳам берилди.
«Airbus А320 русумли самолёт етиб келди. Кейинги 20 кун давомида иккинчиси ҳам етиб келади ва йил якунига қадар Airbus А330 русумли иккита самолёт етиб келиши кутилмоқда. Яқин бир-икки йил давомида қўшимча яна самолётлар олиниб, авиакомпания паркида учта Airbus А320 ва учта Airbus А330 самолётлари мавжуд бўлади. Авиация соҳасида монополияга барҳам берилди. Qanot Sharq Ўзбекистонда Uzbekistan Airways’га биринчи рақобатбардош авиакомпания бўлади», деди бош вазир ўринбосари.






