Самарқанд вилояти Пастдарғом туманида 25 апрель, якшанба куни «Lacetti» ҳайдовчиси орқасидаги машинани қисиб ҳаракатлангани сабаб 17 киши иштирокида оммавий жанжал содир бўлди. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Тергов департаменти ахборот хизмати маълум қилди.
Хабарга кўра, ҳолат соат 19:00 атрофида Ровот—Боғонали қишлоғи йўналишида содир бўлган. Ровот қишлоғининг ички йўлига қайрилиш қисмида М.Б. исмли 51 ёшли эркак «Laсetti»ни бошқариб келаётганида унинг орқа томонидан ҳаракатланиб келаётган 22 ёшли А.М. исмли йигит бошқарувидаги «Laсetti»ни қисиб юборган. Шундан сўнг йигит ва унинг йўловчилари 36 ёшли эркак Р.У., 24 ёшли йигит А.Т., 18 ёшли йигит А.Ф.лар ҳайдовчи М.Б.ни ҳақорат қилган. Оқибатида Ровот ва Боғонали қишлоғида яшовчи жами 17 нафар фуқаро ўртасида жанжал келиб чиқиб, бир-бирларини уриб дўппослаган.



Қайд этилишича, олиб борилган терговга қадар текширув давомида, ушбу жанжалда фаол иштирок этган 17 нафар фуқародан 15 нафари турли кўринишдаги тан жароҳатлари олгани, улардан 3 нафари аёл киши экани маълум бўлган.
Мазкур ҳолат юзасидан Пастдарғом тумани Тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 277-моддаси 3-қисми «г» банди (Безорилик) билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда тергов давом этмоқда.






