1

Аввал севгилисининг ялонғоч ҳолатдаги суратларини сўраган, кейин эса уни тарқатиб юбориш билан қўрқитган "Ҳумоюн" қиз бола бўлиб чиқди

ЖАМИЯТ 28.04.2021, 22:17
Аввал севгилисининг ялонғоч ҳолатдаги суратларини сўраган, кейин эса уни тарқатиб юбориш билан қўрқитган "Ҳумоюн" қиз бола бўлиб чиқди

Олий суд Матбуот хизмати фирибгарлик билан пул топишни касб қилган аёллар ҳақида хабар қилди. 

Қизилтепалик Гулҳаё Бузрукова (исми-шарифлар ўз­гартирилди) дугонаси Комила Жамиловага Ҳумоюн исм­ли йигит билан таништириб қў­йишга ваъда беради. Тенгқур дугоналари турмуш қуриб кетаётгани боис Комила ҳам бунга қаршилик қилмайди. Шундан сўнг «Ҳумоюн» Камолага қўнғироқ қилади.

Улар қа­рийб икки ой мобайнида ғо­­йибона «иш­қий» муносабатда бўлишади.

Охир-оқибат иш шу даражага бориб етадики, кунларнинг бирида «Ҳумоюн» «суюклиси»нинг яланғоч суратини «Телеграм» ижтимоий тармоғидаги манзилига юборишни сўрайди. У буни бўлажак «умр йўлдоши» танасидаги кичиккина нуқсон ҳам келгусидаги оилавий турмушга рахна солиши мумкинлиги ва бу ҳол юз бермаслиги учун унинг соғ­лом­ли­гини ўз кўзи билан кў­риб, кейин уйланиш истаги билан изоҳлайди. Эс-ҳушидан айрилган Комила унинг талабини бироз оғриниб қабул қилган бўлса-да, жисми нуқсондан холи эканини исботлаш учун бунга розилик билдиради. Ам­мо шундан сўнг воқеалар ривожи бошқача тус олади. Аниқроғи, Гулҳаё Комилани маиший бузуқликда айблай бошлайди. У Комиланинг «Ҳумоюн»га жўнатган суратини ота-онаси, яқин­лари кў­риб қолса, унинг оқибати ниҳоятда ёмон бўлиши ҳа­қида огоҳлантиради. Ко­мила Гулҳаёга ялиниб-ёл­вориб, сурат билан боғлиқ сирни ҳеч кимга ошкор этмасликни илтимос қилади.

Бундай оҳанг­даги ўтинчлардан сўнг Гул­ҳаё шаштидан тушади. Би­роқ ўртага анча оғир шарт қўяди. У сир сирлигича қолиши учун Комиладан 3 700 АҚШ доллари ва 20 миллион сўмлик тилла тақинчоқларни талаб қилади. Комила шаънини сақлаш учун Гулҳаёнинг шартига рози бўлади. Лекин талаб қилинган миқдордаги пул ва ота-онаси қўлида сақланаётган тақинчоқларини Гулҳаёга беришнинг иложини тополмайди. Аммо кейинчалик Гул­ҳаёнинг қистовлари жонидан ўт­гач, Комила кеч бўлса-да, ўзи­ни қўлга олади.

Бошидан кечирган воқеаларни ўз яқинларига маълум қилгач, уларнинг маслаҳати билан ҳуқуқни ҳимоя қи­лувчи идорага мурожаат этади. Тезкор тадбир режасига асосан Гул­ҳаё Комиладан 200 АҚШ долларини олганда қўлга олинди. Тергов чоғида Гулҳаёнинг макри фош этилди. Маълум бўлишича, Гулҳаё замонавий алоқа технология­си ёрдамида ға­разли мақсадни амалга оширмоқчи бўл­ган экан. Аслида у Комилага мобил қўл телефони ёрдамида овозни ўзгартирган ҳол­да ўзини «Ҳу­моюн»­ сифатида таниш­тир­ган. Комила эса, бундай макр тузоғига дар­ҳол илинган. Ҳаётда ҳеч қандай «Ҳумоюн» деган йигит бўлмаган.

Шу каби яна бир фирибгарлик ҳолати фош этилди. 

Жиззахлик Гулмира Суярова ҳам ҳийла-макр йўли билан мўмай даромад топмоқчи бўлди. У икки йил муқаддам бу­хо­ро­лик Аҳрор Рашидов (исм-шарифлар ўзгартирилган) билан пинҳона ишқий муносабатларга киришди.

Гулмира оиласидан ажрашгач, Аҳрорнинг таклифига биноан Бухоро шаҳридаги ижара уйида яшай бошлади. Оилали Аҳрор унга мў­майгина пул бериб турса-да, бу Гулмирани қаноатлантирмади. У Аҳ­рорга «ишқий муноасбатлар чоғида касаллик орттиргани»ни маълум қилиб, уни даволаш учун катта миқдорда пул сўради. Аммо Аҳрор бунча пулни беролмаслигини айтгач, орадаги сирни унинг оила аъзоларига ошкор этиши билан таҳдид қилди. Собиқ «суюклиси»нинг бундай таҳдидли иддаоларидан безган Аҳ­рор ҳуқуқ­ни муҳофаза қилувчи идорага Гулмиранинг товламачилиги юзасидан ариза ёзди. Шунга асосан Гулмира Аҳрордан 3 миллион сўмни олаётганда қўлга олинди.

Тергов ва суд муҳокамасида макр ёрдамида мўмай даромад олишни кўзлаган аёлларнинг жиноий кирдикорлари тўлиқ фош этилди.

Суд товламачилик жиноятини содир этган Гулҳаё Бузрукованининг айбини Жи­ноят­ кодексининг 165-моддаси 2-қис­ми «б» банди, Гулмира Суя­ро­­ва­нинг қилмишини маз­кур модданинг 1-қис­ми билан малакалади. Гулҳаё Бузрукова 3 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинди. Г. Суяровага эса, 3 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланди.

Шу тариқа ақлини ёвуз мақсадга хизмат қилдирган кимсалар қилмишига яраша қонуний жазоланди. Улар ўз­лари қазиган чоҳга қулашди.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1