Аввал хабар қилганимиздек, 28 апрель куни соат 17: 50ларда Тошкент метрополитенининг Чилонзор йўналишидаги "Миллий боғ" ва "Новза" стансиялари оралиғида техник сабабларга кўра битта ҳаракат таркиби тўхтаб қолди. "Тошкент метрополитени" УК мазкур ҳолат юзасидан текширув ўтказди.
Текширув натижаларига кўра, Чилонзор йўналишида "Буюк ипак йўли" — "5-бекат" йўналиши бўйича ҳаракатланаётган поезд машинисти "Миллий боғ" ва "Новза" бекатлари оралиғида салбий вазиятни олдини олиш мақсадида фавқулодда тўхташни амалга оширди.
Унинг сўзларига кўра, поезд ҳаракатланаётган пайтда олдиндаги йўлда контакт релсларни қувватловчи токоприёмникда учқун чиқаётганини кўриб қолган. Кўрсатма (инструкция) талабларига биноан, машинист поезднинг ҳаракатини тўхтатишга қарор қилади, чунки ушбу вазиятда ҳаракатни давом эттириш мумкин эмас. Машинист бу ҳақда тезкорлик билан диспетчерга хабар берди, йўналишдаги харакат таркибларни электр таъминотдан узилди ва шундан сўнггина барча йўловчилар поезддан "Новза" бекатигача эвакуация қилинди.
Эслатиб ўтамиз, бу ҳодиса ортидан Чилонзор йўналишидаги поездлар чекланган режимида ҳаракатланган, яъни алоҳида туннел участкаларида битта йўналиш бўйлаб. Шу куннинг ўзида барча носозликлар бартараф этилди ва кечадан барча поездлар белгиланган ҳаракат жадвалига мувофиқ ҳаракатлана бошлади, дейилади "Тошкент метрополитени" УК Матбуот хизмати хабарида.
Эслатиб ўтамиз, сўнгги вақтларда Тошкент метроси билан боғлиқ теник ҳолатларнинг кўпайгани сабаб Монополияга қарши курашиш қўмитаси ҳузуридаги Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш Агентлиги метрополитен хизматлари хусусидаги ҳолатларни назоратга олишини маълум қилди.






