1

Бухорода қалбаки пул купюраларини муомалага киритган жиноий гуруҳ қўлга олинди

ЖИНОЯТ 30.04.2021, 09:05
Бухорода қалбаки пул купюраларини муомалага киритган жиноий гуруҳ қўлга олинди

Бухоро вилояти ИИБ Жиноят қидирув бошқармаси Коррупция ва иқтисодий жиноятларга қарши курашиш бўлими ҳамда Жондор тумани ИИБ ходимлари томонидан ҳамкорликда ўтказилган терговга қадар текширув ҳаракатлари давомида миллий пул бирлигимизнинг купюраларини қалбакилаштириш билан шуғулланиб келаётган жиноий гуруҳнинг фаолиятига чек қўйилди. Бу ҳақда Бухоро вилояти ИИБ Ахборот хизмати хабар берди. 

Гап шундаки, 2021 йил 11 март куни Жондор тумани ИИБга, туманнинг Самончуқ маҳалласида яшовчи Л.Р. исмли фуқаро ариза билан мурожаат қилиб, шу куни савдо дўконига мижоз сифатида келган нотаниш кимса дўкондан 12 дона елим тоғораларни харид қилиб, унга 10 дона 100.000 ва 1 дона 50.000 сўмлик купюрадаги, жами 1.050.000 сўм пулларни бериб ҳисоб-китоб қилганлигини, нотаниш мижоз кетганидан сўнг пулларни кўздан кечирганида, унга берилган пул купюраларининг серия рақамлари бир хил эканлигини билиб, пуллар қалбаки эканлигига гумон қилганлигини, шу сабабли ушбу номаълум шахсни аниқлаб унга чора кўришни сўраган.

 Мазкур мурожаат туман ИИБда тегишли тартибда қайддан ўтказилган ва терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилиб, фуқаро Л.Р. томонидан тақдим қилган 10 дона 100.000 ва 1 дона 50.000 сўмлик купюрадаги пуллар юзасидан вилоят ИИБ Эксперт-криминалистика бўлими томонидан ўтказилган криминалистик тадқиқотлар натижасида, ушбу пул купюралари Ўзбекистон Республикаси пул бирликларини ишлаб чиқарувчи босма корхона томонидан тайёрланмаган қалбаки пуллар эканлиги, яъни компьютер техникасидан фойдаланиб, рангли томчи-пурковчи принтер ёрдамида қўлбола усулда тайёрланганлиги аниқланган.

Мазкур ҳолат юзасидан туман ИИБ ҳузуридаги тергов гуруҳи томонидан номаълум шахсга нисбатан Жиноят кодексининг 176-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилган.

Жиноят иши бўйича ўтказилган тезкор суриштирув ҳаракатлари давомида ушбу жиноятни Бухоро туманида яшовчи Р.А., унинг жиноий шериклари К.У. ҳамда Ромитанлик Д.Н.лар олдиндан тил бириктириб содир қилганликлари аниқланган.

Тадбир давомида ўтказилган “Тинтув” тергов ҳаракатлари давомида жиноят иши бўйича гумон қилинувчи Р.А. нинг яшаш уйидан 25 дона 50.000 сўмлик бир хил серияли, жами 1.250.000 сўм қалбаки купюралар, шунингдек, жиноий гуруҳнинг яна бир аъзоси Д.Н.нинг яшаш хонадонидан бир дона компьютер жамланмаси, бир дона “EPSON” русумли рангли принтер, бир дона қоғоз кесувчи ускуна, 120 дона қирқилмаган оқ қоғознинг ҳар бирига уч нусхадан чоп этилган, бир хил серияли, 50.000 сўмлик купюрадаги, жами 18.600.000 сўм миқдордаги пул купюралари ҳамда бир дона хотирасида бир нечта давлатларнинг пул бирликлари электрон суратлари бўлган 16 гигабайтли флешкарта ашёвий далил сифатида ҳужжатлаштириб олинган.

Ҳозирги кунда Жондор тумани ИИБ ҳузуридаги тергов гуруҳи томонидан ушбу жиноий гуруҳнинг хатти-ҳаракатлари юзасидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

 

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1