АсосийЖАМИЯТ

Саҳродаги боғ: 24 йил деганда журналистлар учун илк бор “очилган” Бухородаги завод ҳақида (фото)

Бухоро вилоятининг Қоровулбозор тумани чўлларидаги саксовулзорлар оралаб борар эканмиз, чў...

'Саҳродаги боғ: 24 йил деганда журналистлар учун илк бор “очилган” Бухородаги завод ҳақида (фото)'ning rasmi

Бухоро вилоятининг Қоровулбозор тумани чўлларидаги саксовулзорлар оралаб борар эканмиз, чўл ўртасида бунёд этилган Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи остонасига келиб ҳайратдан қотиб қолдик. 205 гектарда яратилган экологик муҳитни кўриб, “инсон агар хоҳласа, шўр босган чўлни ҳам ўрмонга айлантириб юборишга қодир экан” деган хулосага келасиз. Бунинг учун аввало хоҳиш, кейин тартиб-интизом бўлса, шунинг ўзи кифоя экан. Келинг, заводда кўрганларимизни бирма-бир баён қилсак...

Кириш учун “тўғри” кийиниш керак

“Ўзбекнефтгаз” АЖ томонидан ташкил этилган пресс-тур ҳаракатлари бошланиши билан телеграмда ташкил этилган гуруҳда ташкилотчилар томонидан киядиган кийимимизгача тартиб ва талаблар қўйилди: “Завод ҳудудудига кирувчилар қаттиқ жинси матоли шим ва учқун чиқармайдиган пахта матоли енгли кўйлак кийишлари талаб этилади!” Буни тўғри тушуниш керак. Сабаби заводда ёнғин чиқиш хавфи жуда юқори.

Маълумот учун мана шундай кучли тартиб-таомиллар туфайли заводнинг 24 йиллик тарихида хавфли ёнғин ҳолатлари кузатилмаган.

Албатта, бунга ҳамма ҳам амал қилмаслиги турган гап эди. Завод маъмурияти буни ҳам ҳисобга олиб, барча меҳмонлар учун турли ўлчамдаги махсус кийимлар, “каска” ва “противогаз” қопчасини кираверишда тахт қилиб қўйишган экан. Бир-биримизни танимайдиган даражада (“инкубация жўжаларидек”) кийиниб олиб, завод фаолияти билан танишишга киришдик.

Завод тарихи

Бизга ҳамроҳлик қилган Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи бош муҳандиси Бахтиёр Мустафоевнинг айтишича, завод қурилиши 1993 йилда бошланиб, 1997 йил 22 август куни ишга туширилган. Ўз фаолияти тарихида ҳали бирор марта журнатлистлар учун завод ҳудудига пресс-тур ташкил этилмаган. Амалдаги очиқлик сиёсати сабабли “Ўзбекнефтгаз” АЖ раиси Меҳриддин Абдуллаев ташаббуси билан бу шарафга эришган илк журналистлар сифатида биз тарихда қоладиган бўлдик. 

Завод қурилишини молиявий жиҳатдан таъминлаш ва қурилиш жараёнида хорижий мамлакатларнинг кўпгина банклари, компаниялари ва фирмалари иштирок этган. Жумладан:

  • «Чейз Манхеттен» (Америка), «Креди Коммерсиаль де Франс», «Париба» (Франция), Япония ва АҚШ нинг экспортимпорт банклари томонидан молиялаштирилган;
  • Лойиҳанинг технологик қисмини Франциянинг «Течнип» фирмаси амалга оширган;
  • Япониянинг «Марубени» ва «ЖеГиСи» компаниялари иштирокида консорциум ташкил этилган;
  • Туркиянинг «Гама» компанияси ва Ўзбекистоннинг қурувчилари қурилиш-монтаж ишларини бажарган.

Бугунги кунда 20 дан ортиқ турдаги нефть маҳсулотлари (бу ҳақда кейинроқ баён қиламиз) ишлаб чиқарадиган заводнинг ютуғи нимада эканлигига қизиқдик.

Бахтиёр Мустафоев:

— Заводимизнинг ютуғи – ҳодимлармизнинг соат кўрсаткичлари каби аниқ ишлаши ва тартиб-интизомнинг қатъий йўлга қўйилганлигида. Бошқача бўлиши ҳам мумкин эмас. Бу ҳудудда ёнғиш чиқиш хавфи жуда юқори. Шунинг учун қўйилган талабларга риоя қилишга барчамиз бирдек масъулмиз. Кўриб турганингиздек, завод ҳудуди яшил ҳудуд ҳисобланади. Дарахтлар ва ўсимликлар, ободонлаштириш учун бизда алоҳида хизмат фаолият юритади. Бунинг ҳам масъулияти катта. Чўл ўртасидаги бундай иқлим яратиш ўз-ўзидан бўлиб қолмаган. Йиллар давомида меҳнат ва парвариш эвазига сиз кўриб турган экологик шароит яратилган.

Заводда фавқулодда ҳолат “юз берди”

Бу ҳудудда ёнғин хавфсизлигига жавобгар бир нечта: ёнғин хавфсизлиги, фавқулодда вазиятлар, газ қутқарув ва санитария-тиббиёт хизматлари шай ҳолатда 24/7 режимида фаолият юритади. 

Ҳар ҳафта мазкур хизматлар иштирокида ўқув-машғулотлари ҳам ташкиллаштирилиб, ходимларнинг турли вазиятларга қанчалик тайёрлиги назорат қилинар экан. Кўз ўнгимизда фавқулодда ҳолатга ходимларнинг тайёрлиги ва уни бартараф этиш “саҳна”си намойиш этилди (Тезкорлик, аниқлик ва ҳамжиҳатликни кўриб барчамиз “Браво!” деб бақириб юборганимиз эсимда).

Газ чиқиши натижасида хизмат ҳодими “зарарланди”. Уни қутқариш ва ҳолат юз берган жойда газ тарқалиб кетишининг олди олиниб, бир неча дақиқаларда фавқулодда ҳолат бартараф этилди. 

Заводнинг хавфсизлик ва фавқулодда ҳолат хизматларидан “кўнглимизни тўқ қилиб”, энди ишлаб чиқариш жараёнлари билан танишамиз. Бу ҳам алоҳида бир қизиқ мавзу бўлганлиги боис, кейинроқ батафсил маълумотлар берамиз.

 

Сардорбек РАҲМОНҚУЛОВ

    Бошқа янгиликлар