АсосийЖАМИЯТ

Нима сабаб фуқаролик ишлари бўйича судларда никоҳдан ажратиш, кредит шартномалари ва меҳнат низолари билан боғлиқ ишлар сони ошган?

Аввалроқ Тошкент шаҳар суди ва Тошкент шаҳар маъмурий суди томонидан 2021 йилнинг 1-чораги...

'Нима сабаб фуқаролик ишлари бўйича судларда никоҳдан ажратиш, кредит шартномалари ва меҳнат низолари билан боғлиқ ишлар сони ошган?'ning rasmi

Аввалроқ Тошкент шаҳар суди ва Тошкент шаҳар маъмурий суди томонидан 2021 йилнинг 1-чораги давомида амалга оширилган ишлар юзасидан маълумот бериш мақсадида ОАВ учун брифинг ташкил қилингани ҳақида хабар бергандик.

Брифингда Тошкент шаҳар суди раиси ўринбосари – фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати раиси Шуҳрат Аббасов Фуқаролик ишлари бўйича судлар томонидан 2021 йилнинг биринчи чорагида қандай ишлар амалга оширилгани ҳақида ахборот берди.

— Фуқаролик ишлари бўйича судлар томонидан 2021 йил биринчи чораги давомида жами 11.505 та (2020 йилда 8.855 та) фуқаролик иши тамомланган бўлиб, тамомланган ишларнинг сони ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 2.650 тага ёки 30 фоизга кўпайган. Судлар томонидан кўрилган ишлар бўйича давлат фойдасига 8.873.802.794 сўм ҳамда давлат божи ундирилган.

2021 йил биринчи чорагида тамомланган 11.505 та ишлардан 11.504 таси туманлараро судларига, 1 таси шаҳар судига тўғри келади.

Жами тамомланган 11.505 та ишдан 9.821 таси ҳал қилув қарори чиқариб кўрилган. Шундан: 

  • 8.562 та даъволар қаноатлантирилган, 
  • 1.259 та даъволар рад этилган, 
  • 210 та ишлар иш юритишдан тугатилган, 
  • 1.474 та аризалар кўрмасдан қолдирилган.

Мазкур ишларнинг таҳлилларидан кўринишича, 2020 йил биринчи чорагига нисбатан ҳал қилув қарори чиқариб кўрилган қуйидаги тоифа ишлар сони камайган:

  • оталикка эътироз билдириш ҳақидаги ишлар 23 тадан 15 тага (-8 та);
  • фуқаронинг шаъни, ор-номуси, қадр-қиммати, ҳаёти, соғлиғига етказилган зарарни қоплаш билан боғлиқ ишлар 13 тадан 5 тага (-8 та);
  • ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиш ҳақидаги ишлар 65 тадан 55 тага (-10 та);
  • жиноят оқибатида етказилган зарарни қоплаш билан боғлиқ ишлар 32 тадан 21 тага (-11 та);
  • зарар билан боғлиқ бошқа низоларга 129 тадан 91 тага (-38 та);
  • уй-жойдан фойдаланиш ҳуқуқини йўқотган деб топиш ҳақидаги ишлар 407 тадан 297 тага (-110 та);
  • қарз ундириш ҳақидагиишлар 919 тадан 462 тага (-457 та) камайган.

Шу билан биргаликда 2020 йилнинг биринчи чорагига нисбатан жорий йил биринчи чорагида ҳал қилув қарори чиқариб кўрилган:

  • ишга тиклаш ҳақидаги ишлар 62 тадан 126 тага (+64 та);
  • иш ҳақи ундириш ҳақидаги ишлар 32 тадан 126 тага (+94 та);
  • никоҳдан ажратиш ҳақидаги ишлар 1341 тадан 1655 тага (+314 та);
  • бола билан кўришиш тартибини белгилаш 84 тадан 144 тага (+60 та);
  • уйга киритиш ҳақидаги ишлар 84 тадан 112 тага (+28 та);
  • ўзбошимчалик билан қурилган уй-жой ёки қурилмани бузиш ҳақидаги ишлар 114 тадан 289 тага (+175 та);
  • мерос билан боғлиқ ишлар 49 тадан 69 тага (+20 та);
  • кредит шартномасидан келиб чиқадиган низолар 3130 тадан 4671 тага (+1541 та);
  • ижара шартномасидан келиб чиқадиган низолар 40 тадан 202 тага (+162 та) кўпайган (статистик маълумотлар слайдда келтирилади).

2021 йил биринчи чорагида жами тамомланган ишларнинг 3.797 таси сиртдан иш юритиш тартибида кўрилган. Шундан кейинчалик 72 та ёки 1,9 фоиз суд қарорлари уни чиқарган судлар томонидан бекор қилиниб, фуқаролик ишлари тарафлар иштирокида кўрилган. 

Юқоридаги маълумотлардан, 2021 йилда олдинги йилнинг шу даврига нисбатан судлар томонидан кўрилган ишлар сони асосан никоҳдан ажратиш ва кредит шартномаларидан (1.541 та) келиб чиқадиган низолар, шунингдек, меҳнат низолари билан боғлиқ ишлар ҳисобига ошганлиги кўринади.

Мазкур ишлар таҳлилидан кўринишича, кредит шартномалари бўйича низолар асосан тадбиркорлик субъектлари томонидан фуқароларга маиший техникаларни қийматини бўлиб-бўлиб тўлаш асосида реализация қилиш ҳақидаги шартномаларга тўғри келади. Шу билан биргаликда, банк муассаларидан олинган кредит шартномалари бўйича мажбуриятлар бузилиши оқибатида келиб чиқадиган низолар ҳам охирги вақтларда кўпайганлигини таъкидлаш лозим.

Давлатимиз раҳбари иштирокида ўтказилган йиғилишда белгиланган вазифалардан келиб чиқиб ишлаб чиқилган йўл харитасида белгиланган вазифалардан бири эрта никоҳга кириш ҳолатларини олдини олиш, никоҳдан ажрашиш ҳақидаги ишларни камайтириш борасида алоқадор идоралар билан ҳамкорликда ишлар олиб бориш вазифаси бўлиб, бу судлар томонидан никоҳдан ажратиш ҳақидаги ишларни кўришда янада масъулиятлироқ бўлишни талаб этади.

2021 йил биринчи чорагида судлар томонидан ҳал қилув қарори чиқариб кўрилган никоҳдан ажратиш ҳақидаги ишлар ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 1.498 тадан 1.840 тага (342 та)га кўпайган. Шундан, қаноатлантирилган аризалар сони 2020 йилда 669 та ёки 44,6 фоизни ташкил этган бўлса, 2021 йилда 860 та ёки 46,7 фоизни ташкил этган.

Юқорида кўрсатилган Йўл харитаси доирасида шаҳар прокуратураси ва шаҳар судлари ҳамкорлигида қўшма дастур ишлаб чиқилиб, унинг доирасида жойларда никоҳ ва оила масалаларига бағишланган учрашувлар мунтазам равишда ўтказилиб келинмоқда.

Биринчи инстанция судлари томонидан шунингдек, жорий йилнинг биринчи чорагида 4.329 та низосиз талаблар бўйича суд буйруқлари чиқарилган бўлиб (2020 йилда 1.614 та), шундан 1.042 таси вояга етмаган болалар таъминоти учун алимент ундириш ҳақидаги суд буйруқларини ташкил этган. 

Шунингдек, 433 та иш ҳақи ундириш, 802 та солиқ ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича қарздорликни ундириш,2.442 та ёзма битимга асосланган ва қарздор томонидан тан олинган талаблар бўйича суд буйруқлари ҳам чиқарилган.

Ҳозирги кунда қонунчиликка киритилган янгиликларга мувофиқ вилоятлар ва Тошкент шаҳар судлари ишларни фақат апелляция инстанциясида кўриши мумкин. Ушбу судларнинг ишларни кассация инстанциясида кўриш ваколати тугатилди. Ушбу тартиб 2021 йил январь ойидан амал қилмоқда.

2021 йил биринчи чорагида шаҳар суди апелляция инстанциясида жами 430 та ҳал қилув қарори чиқариб кўрилган иш апелляция шикоятлари (протестлари) асосида кўрилиб, 84 та ёки жами ушбу инстанцияда кўрилган ишларга нисбатан 0.7 фоиз суд қарорлари бекор қилинган, 48 та ёки 0.4 фоиз суд қарорлари ўзгартирилган.

    Бошқа янгиликлар