Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Юсуф Кабулжанов журналистлар учун брифинг ўтказди.
Тадбирда жорий йилнинг январь-апрель ойларида бажарилган ишлар ва бўлажак тадбирлар тўғрисида маълумотлар, журналистлардан келиб тушган саволларга жавоблар берилди.
Маълум қилинишича, ҳисобот даврида хорижда қийин аҳволга тушиб қолган 1934 нафар Ўзбекистон фуқароларига кўмак, хусусан консуллик-ҳуқуқий ёрдам кўрсатилди. Шунингдек, хориждаги 884 нафар фуқаро молиявий ёрдам олди.
Ўзбекистонда амалга оширилаётган муҳим социал-иқтисодий ва ижтимоий-сиёсий ислоҳотларни қўллаб-қувватлаш учун уларнинг имкониятларини жалб қилиш бўйича ишлар олиб борилмоқда. Ўзбекистон тараққиётига ўз ҳиссасини қўшиш имкониятига эга 484 нафар ватандошларимизни ўз ичига олган «Олтин дафтар» шакллантирилди.
Қонуний меҳнат миграцияси тизими доирасида 15 747 нафар фуқароларимиз хорижий мамлакатларда ишга жойлаштирилди.






