Президентимизнинг "Соғлиқни сақлаш тизимида олиб борилаётган ислоҳотларни изчил давом эттириш ва тиббиёт ходимларининг салоҳиятини ошириш учун зарур шарт-шароитлар яратиш тўғрисида"ги Фармонига кўра, 2021/2022 ўқув йилидан бошлаб клиник ординатура мутахассисликлари бўйича қабул квотаси икки бараварга оширилади.
Шунингдек, қуйидагиларни назарда тутувчи клиник ординатурада ўқитишнинг янги тизими жорий этилиши белгиланди:
клиник ординатура ўқув даврининг иккинчи йили:
- ҳудудлардаги ихтисослашган тиббиёт марказлари филиаллари,
- вилоят болалар ва катталар кўп тармоқли тиббиёт марказлари,
- Республика шошилинч тез тиббий ёрдам маркази филиалларида ўтказилади, шунингдек, маълум бир қисми иш жойида давом эттирилади.
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан:
- ҳудуд учун зарур бўлган тор мутахассисликдаги шифокорларни тайёрлаш мақсадида маҳаллий бюджетдан етарли миқдорда грант ажратилади;
- мазкур грант асосида таълим олган битирувчиларга тегишли ҳудудга бориб, уч йил ишлаб бериш мажбурияти юклатилади;
- ҳудудга фаолият юритиш учун юборилган тор мутахассисликдаги шифокорларнинг яшаш харажатлари маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан қоплаб берилади.






