Навоий вилоятида гиёҳвандлик моддаларни сотиш билан шуғулланган жиноий шерикларнинг фаолиятига чек қўйилди. Бу ҳақда ИИВ ЖҚББ Гиёҳвандлик воситалари билан қонунга хилоф равишда муомала қилишга қарши курашиш бошқармаси маълум қилди.
ДХХ Навоий вилояти бўйича бошқармаси ва Навоий вилояти ИИБ ЖҚБ ходимлари томонидан 2021 йилнинг 28 апрель куни Навоий шаҳри ва Кармана туманида ўтказилган “Назорат остида олиш” тадбири давомида гиёҳванд савдоси билан боғлиқ жиноят очиқланди.
Маълум бўлишича, Навоий шаҳар И.Каримов кўчасида яшовчи, 1974 й.т. муқаддам Жиноят кодекснинг 169-моддаси билан судланган, фуқаро Г.Днинг ёнлари холислар иштирокида кўздан кечирилган вақтда, эгнида бўлган кўк рангли нимчасининг олд чап чўнтагидан 2 дона “Спички” ёзувли гугурт қутиларига солинган, оғирлиги 13.49 грамм бўлган “марихуана” гиёҳвандлик моддаси борлиги аниқланиб ҳужжатлаштирилиб олинган. Олиб борилган суриштирув ишлари давомида, хонадонида 6 дона қоғозларга ўралган оғирлиги 7,33 грамм бўлган “марихуана” гиёҳвандлик моддаси борлиги аниқланиб, ҳужжатлаштирилиб олинган.
Фуқаро Г.Д. ушбу гиёҳвандлик моддасини таниши, Кармана тумани “Қаҳрамон” маҳалласида яшовчи, 1972 й.т., фуқаро Р.Ўдан сотиб олганлигини маълум қилган.
Бундан ташқари Г.Д. Навоий вилояти ИИБ бошлиғи номига ариза билан мурожаат этиб, Р.Ўнинг жиноий хатти-ҳаракатларига чек қуйилишида ёрдам бермоқчилигини билдирган, Г.Днинг аризаси асосида ўтказилган “Назорат остида олиш” тезкор-қидирув тадбири давомида, фуқаро Р.Ў. “Шартли харидор” Г.Дга жами 1.000.000 сўм миқдоридаги пулларга 2 дона “Спички” ёзувли гугурт қутиларига солинган, оғирлиги 12,47 грамм бўлган “марихуана” гиёҳвандлик моддасини сотган вақтида ушланиб, далилий ашёлар ҳужжатлаштирилиб олинган.
У билан олиб борилган суриштирув ишлари давомида, ўз хонадонида мавжуд бўлган 4 дона “Спички” ёзувли гугурт қутиларига солинган, оғирлиги 24,36 грамм бўлган “марихуана” гиёҳвандлик моддасини ўз ихтиёри билан топширган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 273-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.






