АсосийJamiyat

Собиқ Бош прокурор Рашитжон Қодиров ҳозирда қамоқхона тикув цехида, Ихтиёр Абдуллаев чинни цехида ишламоқда

'Собиқ Бош прокурор Рашитжон Қодиров ҳозирда қамоқхона тикув цехида, Ихтиёр Абдуллаев чинни цехида ишламоқда'ning rasmi

Кеча, 5-май куни Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили қошидаги комиссия ИИВ ЖИЕББ тизимидаги 22-сонли колонияда мониторинг ўтказди. Бу ҳақда Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти раиси Aбдураҳмон Ташанов  ўзининг Facebook саҳифасида эълон қилди. 

"Миллий презентив механизм ислоҳоти доирасидаги ўрганишларимиз бу сафар ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг собиқ ходимлари жазо муддатини ўташи учун махсуслаштирилган колонияда кечди. 1200 нафар маҳкумни сақлашга мўлжалланган мазкур колонияда ҳозирги кунда 273 нафар маҳкум жазо муддатини ўтамоқда.

Колониянинг бошқа колониялардан шароит нуқтайи назаридан деярли фарқи йўқ. Қамоқхоналарга белгиланган стандартлар — тиббиёт, ўқув, овқатланиш ва ишлаб чиқариш бўлимлари ташкил қилинган. Спорт машғулотлари учун алоҳида шароитлар мавжуд.

Хуллас, қамоқхона шароити, умумий аҳвол, маҳкумларга муносабат масаласида муаммолар кўпам кўзга ташланмайди. Ҳар ҳолда “чест мундира”, “қарға қарғанинг кўзини чўқимас” сингари беўхшов маталларга эргашилса, бу ерда муаммоларнинг камлигини тушуниш мумкин бўлади.

Бу ўринда жамоатчиликни кўпроқ қизиқтирадиган манзара борки, шахсан менинг зонага ташрифим ҳам, бу постни ёзишга ундаган жиҳат ҳам шудир. Яъни, бу ерда жазо муддатини ўтаётган юқори даражадаги мулозимлар — собиқ бош прокурорлар Рашиджон Қодиров, Ихтиёр Aбдуллаев, собиқ МХХ катта зобити Жавдат Шарифхўжаев, бош прокурор ўринбосари Улуғбек Суннатов ва Хуррамов.

Aввал мамлакатимизга уч муддат бош прокурорлик қилган Рашиджон Қодиров билан суҳбатлашдик. У кишидан шароитлар, маҳкумларга муомала ҳақида сўрадим. Ҳар ҳолда ҳушёр одам — яқин бир ойда манзил колонияга чиқишини, шикоятлари йўқлигини, БМТ структураларига қийноқлар бўйича шикоят қилмаганини, соғлиғи яхшилигини айтди. “Юрак бўйича аввалроқ сангородда даволангандик, ҳозир ҳаммаси яхши”, деди Қодиров.

Кўрдикки, собиқ бош прокурор Рашиджон Қодиров ҳозирда тикув цехида ишламоқда. Унинг қўлидан чиққан гулдор матолардан тикилган бежирим аёллар кўйлаги, лозими ва бошқа ашёлар кўзни қувонтиради. Расмларга олишди, комиссиямиз вакиллари ҳадемай бу расмларни чоп қилса керак.

Генерал Aбдуллаевни чинни цехида, идишга нақш солаётган жараёнда учратдим. Унгача муассасанинг тиббий бўлимига кириб, у кишининг тиббий картаси билан танишгандим. Ҳужжатга кўра, Aбдуллаев Жиноят кодексининг 242-моддаси (жиноий уюшма ташкил этиш) ва 301-моддаси (ҳокимиятни суиистеъмол қилиш, ҳокимият ваколатидан ташқарига чиқиш ёки ҳокимият ҳаракацизлиги) билан 16 йилга озодликдан маҳрум қилинган. Унга нисбатан яқин орада икки марта ўтказилган коронавирус тести манфий чиққан. Бўйин умуртқа поғона қисмидаги оғриқдан шикоят қилган. Кўзининг кўриш даражаси биринчи кўзда +1 ва иккинчи соҳада +2,58.

Тиббиёт қисми шифокорининг айтишича, Aбдуллаев 2017-йилда Германияда кўз гавҳарларини алмаштириш билан боғлиқ жарроҳлик амалиёти ўтказган. Яъни, кўз хасталиги тергов ёки зонада орттирилмаган.

Собиқ бош прокурорга унинг отаси ва ўғли бир қанча ОAВ орқали жамоатчилик ва президентга мурожаат қилгани, унга нисбатан қийноқлар қўлланилгани ва ҳозирда уни яқинлари билан кўриштиришмаётгани, изоляцияда сақланаётгани ҳақида баёнотлар беришаётганини айтдим. У киши “ҳаммаси яхши бўлади, бу гаплар президентимизга етиб борса, адолат қиладилар”дан нарига ўтмади.

Таъкидлаш керакки, икки собиқ бош прокурор ҳам ўта эҳтиёткорлик билан муомалада бўлди. Тўғрироғи, комиссияларнинг нималиги, қаергача бора олишини ўтмишдаги фаолияти орқали яхши биладиган бу мулозимлар вазиятни мураккаблаштириб ўтиришмади. Ҳар ҳолда менга шундай туюлди.

Цехлардан чиқаётиб, собиқ МХХ полковниги Жавдат Шарифхўжаев билан кўришдим. У гапни қисқа қилиб, ҳеч қандай шикояти йўқлигини таъкидлаган ҳолда қочиб қолди...

Умуман, колониядаги манзара мени қониқтирди. Масалан, сиёсий аҳамиятга молик бўлгани учун бош прокурорларга алоҳида мулозамат ёки кузатув йўқ. Aлоҳида ош-овқат ҳам ажратилмаган. Кўпчиликка нима бўлса, шу.

Колониянинг каттагина қисми таъмирда экан. Ошхонадаги ош-овқатлар ёмонмас. Кутубхона, спорт заллари ва зерикиб қолмаслик ва пул топиш учун ташкил қилинган цехлар шулар жумласига киради.

Ғалатироқ таассуротлар билан қайтдим. Бир пайтлар у билан суҳбатлашиш, сўроққа тутиш тугул олдига бора олмаганимиз бу одамлар бугун маҳзун, аввалги салобатдан асар ҳам йўқ",– деди Aбдураҳмон Ташанов.

Бошқа янгиликлар