АсосийJamiyat

ССВ бериб борилаётган вакцинация статистикасини тушунмасдан, нотўғри талқин қилмасликни сўради

'ССВ бериб борилаётган вакцинация статистикасини тушунмасдан, нотўғри талқин қилмасликни сўради'ning rasmi

Интернет тармоғида вазирликнинг Матбуот хизмати томонидан бериб борилаётган коронавирусга қарши эмланганлар статистикаси бўйича ҳисоботларда ноаниқликларга йўл қўйилаётгани ҳақида хабарлар тарқалди. Ҳолат юзасидан Соғлиқни сақлаш вазирлиги  Матбуот хизмати тушунтириш берди.

Бу каби тушунмовчиликларни олдини олиш мақсадида ССВ Матбуот хизмати томонидан ёритиб борилаётган эмлаш жараёнларини оммага етказувчи ОАВ вакиллари ва блогерлар учун қисқача тушунтириш беришни лозим топдик.

Юртимизда 1 апрелдан оммавий эмлаш тадбирлари бошланди ва бир ой давомида юртдошларимизнинг 797 781 нафари коронавирусга қарши эмланди.  

1 майдан вакцинациянинг 2-босқичи бошланиб, 1-доза вакциналарни олган фуқароларни  2-доза вакциналари билан эмлаш жараёнлари ҳам параллел бошланди.

2-доза вакциналари билан эмлаш ўтган ҳафтанинг шанба куни (1 майдан) бошланган бўлса, эмлаш статистикаси якшанба (2 май) куни ССВ Матбуот хизмати томонидан эълон қилинди. Ва унда фақат умумий эмланганлар ҳақида маълумот акс этган эди. (Ҳолбуки, 1 май куни 6306 нафар киши 2-дозани қабул қилган).

2 май – якшанба куни эмлаш жараёнлари бўлиб ўтмагани сабабли 3 май –душанба куни бу ҳақдаги статистика берилмади. 4 май куни 2-доза вакциналари билан эмлашнинг 2-куни (3 май) ҳақидаги статистика эълон қилинди. Бу хабарда “Шу йилнинг 1 майидан бошлаб вакцинанинг биринчи босқичини олган фуқароларни унинг иккинчи дозаси билан ҳам эмлаш бошланди”, деб тушунтириш берилиб, айнан шу кундан икки доза вакциналари билан эмлаш статистикаси ажратиб берила бошланган.  

Бугун, 6 май куни эълон қилинган эмлаш статистикаси 5 майда “Юртимизда 1 миллион дозадан ортиқ вакцина қўлланилди” деган сарлавҳа остида берилди. Айрим ОАВ вакиллари томонидан бу маълумот нотўғри талқин қилиниб, “1 миллион нафардан ортиқ фуқаро эмланди” деб хабар тарқатилди.

Айни кунгача мамлакатимизда 1 миллион 9510 доза вакцинадан фойдаланилиб,  уларнинг 32533 дозаси иккинчи босқичда қўлланилгани ҳақидаги хабарларга шубҳа билдирганлар ҳам бўлди.  

Аслида умумий 1 009 510 доза вакцинадан иккинчи босқичда қўлланилган вакцина сони (32533 доза) айирилса, биринчи босқичда қўлланган вакциналар сони келиб чиқиши оддий математика. Бундан муаммо ясаш шарт эмас.  

Шу ўринда ОАВ вакилларидан эмлаш статистикаси матнларидан фойдаланишда, уларни таржима қилишда эътиборли бўлишларини, шунингдек, қўлланилган вакцина дозалари ва эмланган фуқаролар сонини адаштирмасликларини сўраб қоламиз.  

Эслатиб ўтамиз, айни пайтда юртимизда қўлланаётган ZF-UZ-VAС2001 3 дозада,  AstraZeneca  ва “Спутник V” 2 дозадан юборилади.  

    Бошқа янгиликлар