АсосийЖАМИЯТ

Мамлакатимизда хорижий тилларни ўргатиш бўйича келажак учун мустаҳкам пойдевор бўладиган янги тизимни йўлга қўйиш вақти-соати келди — Шавкат Мирзиёев

Аввал хабар қилганимиздек, бугун, 6 май куни Президент Шавкат Мирзиёев иштирокида чет тилл...

'Мамлакатимизда хорижий тилларни ўргатиш бўйича келажак учун мустаҳкам пойдевор бўладиган янги тизимни йўлга қўйиш вақти-соати келди — Шавкат Мирзиёев'ning rasmi

Аввал хабар қилганимиздек, бугун, 6 май куни Президент Шавкат Мирзиёев иштирокида чет тилларини ўрганишнинг устувор вазифаларига бағишланган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди. Президент Матбуот хизмати бўлиб ўтган йиғилиш юзасидан батафсил маълумот берди.

Мамлакатимизда ҳар йили илм-фаннинг бир нечта йўналиши танлаб олиниб, алоҳида эътибор билан ривожлантирилмоқда. Бу йил физика ва чет тиллари ана шундай устувор соҳалар этиб белгиланган.

Ўзбекистоннинг очиқлик сиёсати, дунё бозорига фаол кириб бораётгани, барча соҳаларда халқаро ҳамкорлик кенгаяётгани хорижий тилларни билишга эҳтиёжни оширмоқда.

Бугунги кунда юртимиздаги 25 та олий таълим муассасасида ўқитиш чет тилида олиб борилмоқда. 2016 йилда улар атиги 7 та эди. Халқаро тил сертификати олган битирувчи ўқувчилар сони охирги 3 йилда 10 бараварга ошган.

Жорий йилда “Эл-юрт умиди” жамғармаси орқали 350 нафар талабанинг нуфузли хорижий университетларда ўқиши учун стипендиялар ажратилди. Бу ўтган йилларга нисбатан 5 баравар кўпдир.

Лекин, жойлардаги аҳвол мақсад қилинган катта режаларга мос эмас. Хусусан, таълим тизимида 2 мингдан ортиқ чет тили ўқитувчиси лавозими вакант бўлиб қолмоқда. 1 минг 400 та мактабда чет тилини ўқитиш сифати мутлақо қониқарсиз. Бу тизимдаги ўқитувчиларнинг атиги 4 фоизи миллий ва халқаро тил сертификатига эга. Хонобод ва Қувасой шаҳарлари, Зафаробод, Миришкор, Тўрткўл, Шеробод ва Узун туманларида бундай сертификатли бирорта ўқитувчи йўқ. Мактаблардаги чет тили ўқитувчиларининг 49 фоизи тестдан ўта олмаган.

Йиғилишда тизимдаги муаммолар атрофлича таҳлил қилиниб, устувор вазифалар белгиланди.

– Мамлакатимизда хорижий тилларни ўргатиш бўйича келажак учун мустаҳкам пойдевор бўладиган янги тизимни йўлга қўйиш вақти-соати келди. Биз рақобатдош давлат қуришни ўз олдимизга мақсад қилиб қўйган эканмиз, бундан буён мактаб, лицей, коллеж ва олий ўқув юрти битирувчилари камида 2 та чет тилини мукаммал билишлари шарт. Бу қатъий талаб ҳар бир таълим муассасаси раҳбари фаолиятининг асосий мезонига айланиши лозим, – деди Шавкат Мирзиёев.

Тошкент давлат жаҳон тиллари ва Шарқшунослик университетлари, Самарқанд чет тиллари институти билан бир қаторда, ҳар бир вилоятда биттадан университет чет тиллари бўйича таянч муассаса сифатида белгиланади.

Давлатимиз раҳбари ўқитувчиларга муносиб шароит яратиш, малакасига қараб уларни рағбатлантириш зарурлигини таъкидлади.

Кейинги уч йил давомида мактаблардаги 53 минг нафар чет тили ўқитувчиларининг барчаси халқаро сертификат олиши зарурлиги таъкидланди. Яратилаётган имкониятлардан фойдаланиб, мактаблардаги вакант ўринларни малакали мутахассислар билан тўлдириш вазифаси қўйилди.

Чет тилларини чуқур ўргатиш мақсадида туман ва шаҳарларда 207 та мактаб танлаб олинди. Ушбу мактабларда хорижий китоблар, илғор ўқув дастурлари ва методикаларидан эркин фойдаланиш ҳамда фанларни чет тилида ўқитиш йўлга қўйилади.

Вилоят ҳокимликларига мактабларда чет тилини ўқитиш сифатини ошириш учун маҳаллий бюджетдан ҳар бир туман ва шаҳарга 1 миллиард сўмдан маблағ ажратишга кўрсатма берилди.

Ихтисослашган мактаблар ва олий ўқув юртларига тил эгаси бўлган хорижлик ўқитувчиларни жалб қилиш, ҳар бир туманда танлов ўтказиб, чет тили ўқитувчиларини хорижда малака оширишини йўлга қўйиш муҳимлиги айтилди.

Ўқитиш сифати халқаро андозаларга мос дарслик ва методик қўлланмаларга ҳам боғлиқ. Шу боис, инглиз тили бўйича Кэмбриж университети нашриёти дарсликларини 200 та мактабда апробациядан ўтказиб, кейинги йилдан барча мактабларда татбиқ этиш вазифаси қўйилди. Бундай ишлар рус, немис, корейс, хитой ва француз тиллари бўйича ҳам ташкил этилади.

Соҳадаги ўзгаришлардан хабардор бўлиб боришлари, янги адабиёт ва қўлланмалар сотиб олишлари учун ҳар бир чет тили ўқитувчисига бюджетдан 1 миллион сўмдан маблағ ажратилиши белгиланди.

Мактабгача таълим вазирлигига ЮНИСЕФ билан ҳамкорликда 7 ёшгача бўлган болаларга чет тилларини ўқитиш бўйича услубий қўлланма ишлаб чиқиб, жорий этиш вазифаси қўйилди.  

Йиғилишда олий таълим тизимида мутахассислар тайёрлаш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.

Бугунги кунда олийгоҳлардаги 78 фоиз профессор-ўқитувчиларнинг чет тилини билиш даражаси қониқарсиз аҳволда экани кўрсатиб ўтилди.

Тил ўргатувчи видеодарслар, фильм ва кўрсатувлар яратиш, электрон дастурлар ишлаб чиқиш бўйича ҳам топшириқлар берилди.

Видеоселектор йиғилишида мутасадди раҳбарлар ва ўқитувчилар ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.

    Бошқа янгиликлар