Бугунги кунда Тошкентнинг аксарият аттракционга эга истироҳат боғларига киришда картага пул ташлаш орқали кириш тизими амал қилади. Аттракционларда фақатгина махсус пластик карталарга пул тушириш орқали фойдаланиш мумкин, билет олиш орқали тўловларни амалга оширишнинг имконияти мавжуд эмас.
Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлигига мурожаат қилган истеъмолчининг ҳисобидан Тошкент шаҳридаги Мирзо Улуғбек номидаги “Марказий боғ” (“Central Park”) учун олинган картасидаги 60 минг сўм пул маблағи огоҳлантиришсиз ечиб олинган. Агентлик ходимлари томонидан ушбу масалани ўрганиш жараёнида мазкур истироҳат боғи ҳудудида фойдаланиш учун мўлжалланган карталар билан боғлиқ муаммо яна бир неча минг истеъмолчиларга ҳам тааллуқли эканлиги маълум бўлди. Бу ҳақда "darakchi.uz"га Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги Ахборот хизмати хабар берди.
ХЎШ, КИМ АЙБДОР: истеъмолчими ёки парк маъмуриятими? Нима учун бу ҳақда ўз вақтида истеъмолчига маълумот берилмаяпти?
Шуни таъкидлаш лозимки, тўлов картанинг орқа томонида унинг амал қилиш муддат кўрсатилган. Муддат тугагандан сўнг, ундаги маблағлар карта эгасининг аризасига асосан хизмат кўрсатувчи касса томонидан 3 кунлик муддатда янги карталарда ўтказиб берилади. Аслида махсус карталарнинг амал қилиш муддати 2020 йил 31 декабргача деб кўрсатилган. Лекин 2020 йил тугаши арафасида картанинг амал қилиш муддати ва уларни алмаштириш тартиблари ҳақида истеъмолчилар бирон марта ҳам огоҳлантирилмаган. Истироҳат боғига борган истеъмолчи картадан фойдалана олмагандан сўнггина бу ҳақда хабардор бўлган.
ҚОНУНГА МУВОФИҚ
Ўзбекистон Республикаси “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонуннинг 6-моддасига асосан, ишлаб чиқарувчи (ижрочи, сотувчи) истеъмолчига ўзи реализация қилаётган товар (иш, хизмат)лар ҳақида ўз вақтида зарур, тўғри ва тушунарли маълумот бериши шарт. Шунингдек, 21-моддага асосан, сотувчи (ижрочи) истеъмолчини ҳақ эвазига қўшимча товарлар сотиб олишга ёки қўшимча хизматлардан фойдаланишга қисташга, шунингдек кўрсатилмаган хизматлар учун ҳақ олишга ҳақли эмаслиги белгиланган.
18 МИНГДАН ОРТИҚ ИСТЕЪМОЛЧИ ВА УНГА ЖАМИ 335 610 000 СЎМ
Агентлик ушбу ҳолатларга аниқлик киритиш мақсадида “Jet Invest” МЧЖ ҚКга тегишли сўровнома юбориб, ҳолат юзасидан тушунтириш олинди. Унга асосан 2018 йилдан буён “Jet Invest” МЧЖ ҚКга тегишли “Марказий боғ” (“Central Park”) томонидан 130 000 та истеъмолчиларга боғда фойдаланиш карталари расмийлаштириб берилган. Амал қилиш муддати ўтган 18 291 та махсус карталарда истеъмолчиларнинг ҳисоб рақамларида 335 610 000 сўм мавжуд эканлиги ҳақида маълумот бериб ўтилган. Истироҳат боғи маъмурияти таъкидлашича, пандемия пайтида тўлов тизимида юзага келган техник носозлик юзага келганини муаммога сабаб бўлган. Агентликнинг кўрсатмасига асосан бугунги кунга қадар мазкур истироҳат боғи томонидан 643 та истеъмолчиларга 14 872 400 сўм маблағ қайтарилди.
Маълумот ўрнида. Бугунги кунда Мирзо Улуғбек номидаги “Марказий боғ” (“Central Park”) маъмурияти томонидан ўз истеъмолчиларига ўрнатилган тартибда карталаридаги маблағларини қайтариш давом этмоқда. Бунинг учун истеъмолчилар касса ходимига мурожаат қилишлари керак.Шундан сўнг картадаги баланс текширилади ва унда қолган маблағ янги картага ўтказиб берилади.






