Бугун 7 май куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бошланди. Унда депутатлар дастлаб «Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги масалани кўриб чиқяптилар.
Қонун лойиҳаси билан таркибида кучли таъсир қилувчи моддалар бўлган дори воситаларининг ноқонуний муомаласи учун жиноий жавобгарлик белгиланяпти.
Шунингдек, кучли таъсир қилувчи моддаларнинг, шу жумладан таркибида кучли таъсир қилувчи моддалар мавжуд бўлган дори воситаларининг ноқонуний муомаласидаги “кўп миқдор” тушунчасини аниқлаш бўйича ягона амалиётни шакллантириш учун ушбу миқдор унинг ҳажмига қараб тегишли давлат органи томонидан белгиланиши мустаҳкамланмоқда.
Депутатларнинг таъкидлашича, мазкур қонун лойиҳасининг қабул қилиниши аҳоли саломатлигини, миллат генофондини асраш, шунингдек кучли таъсир қилувчи моддаларнинг ноқонуний муомаласига чек қўйишга хизмат қилади.
Мажлисда қонун лойиҳаси депутатлар томонидан биринчи ўқишда қабул қилинди.






