АсосийJamiyat

Самарқандга йилнинг биринчи чорагида 255 минг нафар маҳаллий сайёҳ ташриф буюрган

'Самарқандга йилнинг биринчи чорагида 255 минг нафар маҳаллий сайёҳ ташриф буюрган'ning rasmi

Самарқандга йилнинг биринчи чорагида 255 минг нафар маҳаллий сайёҳ келди. Бу эса ўтган йилга, яъни пандемиядан олдинги даврга нисбатан 3 баробарга кўп демакдир, – деди халқ депутатлари вилоят Кенгашининг бугун ўтказилган сессиясида ҳисобот берган Самарқанд вилояти туризмни ривожлантириш департаменти бошлиғи Д.Нарзиқулов.

Биргина Регистон мажмуасига ўтган йили 14-15 март кунлари 6056 нафар, жорий йилнинг 10-11 апрель кунлари эса 24189 нафар келгани кузатилди.

Ички туризмни ривожлантиришга қаратилган эътибор натижасида жорий йилнинг 28 март санасидан “Самарқанд – Урганч – Самарқанд”, “Самарқанд – Фарғона – Самарқанд”, “Самарқанд – Наманган – Самарқанд” йўналишларида мунтазам авиапарвозлар йўлга қўйилди.

– Аҳоли ўртасида саёҳатни оммалаштириш ва саёҳат қилишга қулайлик яратиш мақсадида, дам олиш ва байрам кунлари тақвими саёҳат учун мақбуллаштирилди – деди Д.Нарзиқулов. – Жумладан, 5 та расмий байрам кунлари байрамларни нишонлаш даврида қўшимча ишланмайдиган кунлар 3 кундан кам бўлмаган муддатга белгиланди. Оилавий саёҳатларни назарда тутувчи йиллик асосий таътил ҳисобидан 5 иш кунидан кам бўлмаган “оилавий саёҳат таътили” тизими жорий қилинди. Шунингдек, “Аёллар дафтари”га киритилган хотин-қизлар саёҳатини ташкил этиш бўйича ҳам режа-жадвал тасдиқланган бўлиб, ушбу режа-жадвалга мувофиқ саёҳатлар ташкил этилмоқда ва ойлик маълумотлар киритиб борилмоқда.

Жорий йилнинг 2 март куни “Сайёҳлик мавсумининг очилиши” муносабати билан кенг кўламда тадбир ташкил этилди. Шу куни вилоятдаги барча маданий мерос ва музейларга кириш бепул амалга оширилди.

“Наврўз – умумхалқ байрами” муносабати билан байрам арафасида Самарқанд шаҳрининг 10 та ҳудудида ҳамда “Конигил – туризм қишлоғи”, “Орзу Маҳмудов” гастрономик кўчаси, “Тешиктош” маскани каби янги ташкил этилган сайёҳлик объектларида байрам тадбирлари ташкил этилди.

29 март – 4 апрель кунлари Самарқанд вилоятида илк маротаба ёшлар сайёҳлик фестивали ва спорт сайёҳлиги йўналиши бўйича Ўзбекистон чемпионатига республика ҳудудларидан 240 нафар иштирокчи ва 1000 га яқин маҳаллий сайёҳлар жалб қилинди. Йил якунига қадар яна ўндан ортиқ халқаро тадбирлар ўтказилиши режалаштирилган.

Манба: УзА

    Бошқа янгиликлар