АсосийJinoyat

Тошкентда йўловчи талашишнинг оқибати жиноят билан якунланди

'Тошкентда йўловчи талашишнинг оқибати жиноят билан якунланди'ning rasmi

Пойтахтдан вилоятга йўловчи сифатида отлансангиз, автобекатда қатор турган такси ҳайдовчилари худди ўлжасига ташланган бўри каби сизни ўз машинаси томон судрайди. Бу ҳамма учун жуда таниш ҳолат. Улар йўловчига эгалик қилиш учун ҳеч нимадан тап тортишмайди, ҳатто ёқа бўғишишдан ҳам... Қуйидаги жиноятнинг содир бўлишига ҳам айнан шу ҳолат сабабчи бўлди...

Йўловчи талашишди

Судланувчи Қобилов Иброҳим (исм-шарифлар ўзгартирилган) Тошкент-Андижон йўналишида норасмий равишда “Нексия-3” русумли автомашинада йўловчи ташиш фаолияти билан шуғулланиб келган. Бектемир туманининг Тошкент ҳалқа айланма йўли кўчасида жойлашган Андижон вилоятига қатновчи автотураргоҳида, Тошкент-Андижон йўналишида норасмий равишда йўловчи ташиш фаолияти билан шуғулланувчи Абдураҳмонов Толибжон билан ораларида одамларни йўловчи сифатида олиш замирида келишмовчилик юзага келади. Оқибатда...

Қўлига пичоқ олди

Абдураҳмонов Толибжон уни ўзаро гаплашиб олиш учун автотураргоҳ ичкари қисмидаги одамлардан ҳоли жойга олиб чиқиб, қўли билан юзига урганлиги сабабли Қобилов Иброҳим мувозанатини йўқотиб, ерга йиқилган вақтида, воқеа жойига етиб келган фуқаролар уларни ажратиб қўйишади. Шундан сўнг, Қобилов Иброҳимнинг бўлиб ўтган воқеадан жаҳли чиқиб, Абдураҳмонов Толибжонни қасддан ўлдириш мақсадида, автотураргоҳда турган, бошқарувида бўлган “Нексия-3” русумли автомашинаси ҳайдовчи ўриндиғи тагида сақлаб келган ошхона пичоғини олади.  Пичоқни шимининг бел қисмига қистирган ҳолда беркитиб, автотураргоҳ кириш дарвозаси олдида турган Абдураҳмонов Толибжоннинг орқасидан етиб бориб, ошхона пичоғи билан унинг юзига, бошига бир неча маротаба уриб, тан жароҳатлари етказади. Абдураҳмонов Толибжон ундан қочиб, автотураргоҳ ичкари қисмига югуриб кетади. 

Назоратчилар ушлаб қолишди

Қобилов Иброҳим унинг ортидан қувлайди. Абдураҳмонов Толибжон қочиш жараёнида “Қўлидан пичоғини олинглар”, деб бақиради. Лекин важоҳат билан югуриб келаётган Қобилов Иброҳимнинг қўлидан пичоғини олишга ҳеч ким журъат қилолмайди. Толибжон дарвоза олдида турган назоратчи Баҳромга уни Қобилов Иброҳим пичоқлаганлигини айтганча, яна иккинчи дарвозадан ичкарига қараб, югуриб кетаётганида, ўша ердаги назоратчилар уни ушлаб қолишади. Воқеа жойида бўлган фуқароларнинг аралашуви билан Қобилов Иброҳим жиноий ҳаракатларини ўзига боғлиқ бўлмаган ҳолга кўра охирига етказа олмайди.Шундан кейин Толибжон бошидаги шапкани лабига босиб, ерга ўтириб қолади. Ўша ердаги танишларидан бири уни автомашинасида шифохонага олиб боради, шифокорлар унга тиббий ёрдам кўрсатишади.Суд тиббиёт экспертизаси Толибжон Абдураҳмоновнинг танасида “чап кўз орбитаси медиал деворининг ёпиқ синиши, бош мия ёпиқ жароҳати, бош мия чайқалиши, ўнг кўз оқсил қаватига қон қуйилиши, ўнг кўз пастки қовоғи соҳаси қон талаши, чап ўз орбитаси соҳаси, ўнг қулоқ олди бурун ўнг томони юқори лаб соҳалари кесилган тан жароҳатлари мавжудлиги, ушбу жароҳатлар етказилган вақтда ҳаёт учун хавфли бўлмаган ўртача оғир тан жароҳатлари туркумига кириши тўғрисидаги хулоса берди.

Жазо тайинланди

Қобилов Иброҳим Жиноят кодексининг  25,97-моддасининг 1-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилди. Унга Жиноят кодексининг 57-моддасини қўллаб, 7 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Жазо умумий тартибли колонияларда ўтаттирилиши белгиланди. 

Манфаатдор томонларга ушбу жиноят оқибатида етказилган моддий ва маънавий зарарларни ундириш масаласи юзасидан фуқаролик ишлари бўйича тегишли туманлараро судига мурожаат қилиш ҳуқуқи тушунтирилди.

Акмал МИРЗАХОНОВ, жиноят ишлари бўйича Бектемир туман суди судьяси,

Лола ШОИМОВА, журналист

    Бошқа янгиликлар