АсосийJamiyat

Фарғонада байрам плакатида нега немис аскарлари тасвирланди? Изоҳ берилди

'Фарғонада байрам плакатида нега немис аскарлари тасвирланди? Изоҳ берилди'ning rasmi

Кеча Фарғона шаҳрида ҳам Хотира ва қадрлаш куни ҳамда  фашизм устидан қозонилган буюк Ғалабанинг 76 йиллиги катта тантана билан нишонланди.

Тадбирлар "Ватанпарварлар боғи" олдида катта ҳарбий парад билан бошланди. Сўнгра вилоят раҳбарлари, Шарқий ҳарбий округ қўмондонлиги, вилоят куч ишлатар тузилмалари раҳбарлари, ва вилоят бошқармалари бошлиқлари “Мотамсаро она” ҳайкали пойига гулчамбар қўйиб, ўтганлар хотирасига ҳурмат бажо келтирдилар.

"Ватанпарварлар боғи" ҳудудида тадбир иштирокчилари эътиборига театрлаштирилган иккинчи жаҳон уруши даври саҳналари намойиш этилди. Хронологик тартибда ташкил этилган саҳна кўринишларида Фарғона вилоятида иккинчи жаҳон уруши ҳақида шумхабарни радио орқали аҳолига етиб келишидан бошлаб, мард ўғлонларнинг ихтиёрий жангга отланиши, уруш давридаги қаҳрамонликлари, ғалаба нашидасини суриб, уйга қайтишлари жонлантирилди.

Шундай катта байрам тантаналари ичида боғ ҳудудига “Тасвирий ойина” ижодий уюшмаси Фарғона вилоят бўлимининг қўпол техник хатоси ва эътиборсизлиги натижасида “Хотира бор экан –  миллат барҳаёт” сўзлари остида Вермахт солдатлари расми туширилган кўчма плакатнинг ўрнатилгани ўта ёқимсиз ҳолат бўлди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги Ахборот хизмати маълумот бермоқда. 

"Ҳозирда вилоят ҳокимлиги томонидан ушбу масала юзасидан ўрганиш бошланди. Дастлабки суриштирувга кўра, интернетдан иккинчи жаҳон уруши даври билан оид расмларга қидирув бериб, етарли билимсизлик туфайли тасодифий расмни олингани, плакат дизайнида фойдаланилгани маълум бўлди. Ким плакат макетини тайёрлаган, нега бу расмни танлаган, нега тасдиқлатилмаган ҳолда ўрнатилган, буларнинг бари батафсил ўрганиб чиқилади. Айбдорларга кескин чоралар кўрилади. Ҳозирда у кўчма плакат "Ватанпарварлар боғи"дан олиб ташланди, ўрнига иккинчи жаҳон урушида қаҳрамонлик кўрсатган ўзбек жангчилари тасвирланган баннер ўрнатилади.

Бутун Ўзбекистонда бўлгани каби, Фарғона вилоятида ҳам Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларига ҳамда Ватан учун жон фидо қилганлар хотирасига кўрсатилаётган улкан ҳурмат-эътибор ҳеч қачон камаймайди", - дейилади Вилоят ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Файзулло Қосимов томонидан берилган изоҳда. 

    Бошқа янгиликлар