1

Ўзбекистонда маҳаллий авиапарвозлар арзонлаштирилди. Нархлар билан танишишингиз мумкин

ЖАМИЯТ 11.05.2021, 23:37
Ўзбекистонда маҳаллий авиапарвозлар арзонлаштирилди. Нархлар билан танишишингиз мумкин

“Uzbekistan Airways” акциядорлик жамияти матбуот хизматининг хабар қилишича, қатор маҳаллий парвозлар 33 фоиздан 50 фоизгача чегирмалар билан тикланди. Шу билан бирга, ички рейслар сони кўпайтирилиб, янги қатновлар йўлга қўйилди. Бу ҳақда ЎзА маълум қилди.

Самарқанд-Урганч, Самарқанд-Фарғона ва Самарқанд-Наманган, Термиз-Фарғона йўналишида қўшимча рейслар йўлга қўйилди. Бундан ташқари, гарчи рақамлар парвоз нархи ер усти транспорт нархидан бироз ошиб кетганини кўрсатса-да (юксиз 126 300, юк билан 151 600 сўм), 2018 йилдан буён тўхтаган Тошкент-Aндижон ҳаво қатнови қайта тикланди. Тошкентдан Фарғона водийси шаҳарларига эса авиачипта бир хил – пойтахтдан Фарғона, Наманган ва Aндижонга – 127 000 сўмдан белгиланди. Хўш, авиачипталар нарх-навосидаги ўзгаришлар ҳақида юртдошларимиз қандай фикрда?

Шу ўринда яна бир маълумот, авиакомпания Тошкентдан Термиз, Бухоро, Самарқандга ҳам мунтазам қатновларни амалга оширади, 14 майдан бошлаб эса Тошкентдан Навоийга авиақатновлар тикланади. Ушбу йўналишлардаги авиачипталар нархи аввалги ҳолатга кўра 34 фоиздан 45 фоизгача арзонлаштирилганини кузатиш мумкин:

• Тошкент-Термиз – 341 000 сўмдан. Қатновлар ҳафтанинг душанба, пайшанба ва шанба кунлари;

• Тошкент-Бухоро – 215 000 сўмдан. Қатновлар ҳафтанинг чоршанба, шанба ва якшанба кунлари;

• Тошкент-Навоий – 215 000 сўмдан. Қатновлар ҳафтанинг сешанба ва жума кунлари амалга оширилади.

• Тошкент – Самарқанд – 114 000 сўмдан, авиақатновлар ҳафтанинг сешанба ва шанба кунлари амалга оширилади. Шунингдек, авиакомпания қатновлар жадвалига Самарқанддан юртимизнинг бошқа вилоятларига ҳам мақбул нархларда қатновлар киритилади, дея қайд этилган берилган маълумотларда.

Яна бир янгилик: авиакомпания 10 майдан Термизни Фарғона билан боғловчи янги қатновни йўлга қўйди. Термиздан Фарғонага қатнов душанба кунлари, Фарғонадан Термизга эса пайшанба кунлари амалга оширилиши ҳамда авиачипта нархи ҳар иккала йўналиш учун ҳам 316 000 сўмдан белгиланган, деб маълум қилди компания матбуот хизмати.

Хабар берилишича, Самарқанд шаҳрида иккинчи хаб ташкил этилган бўлиб, бугунги кунда ушбу шаҳардан доимий равишда (Тошкент қатновидан ташқари) учта шаҳар – Фарғона, Наманган ва Урганчга ҳам маҳаллий авиақатновлар амалга оширилмоқда. Aвиачипталар нархи ҳар учала йўналишда ҳам 190 000 сўмдан бошланади. Бу ўз навбатида аҳоли мобил даражаси ортиши ва юртимиздаги ички туризмни ривожланишида муҳим аҳамият касб этади. Авиақатновлар қуйидаги кунларда амалга оширилади:

• Самарқанддан Наманганга – чоршанба ва шанба кунлари;

• Самарқанддан Фарғонага – душанба, сешанба, жума ва якшанба кунлари;

• Самарқанддан Урганчга – душанба, чоршанба, жума ва якшанба кунлари.

 

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1