1

Қорақалпоғистонда эътирозга сабаб бўлаётган автомобиль йўли бўйича муносабат билдирилди

ЖАМИЯТ 12.05.2021, 08:19
Қорақалпоғистонда эътирозга сабаб бўлаётган автомобиль йўли бўйича муносабат билдирилди

Бугунги кунда ижтимоий тармоқларда – А-380 “Ғузор – Бухоро – Нукус – Бейнеу” автомобиль йўлининг “Қўнғирот – Каракалпакия посёлкаси” оралиғидаги қисми билан боғлиқ муаммо эътирозларга сабаб бўлмоқда. Қорақалпоғистондаги эътирозга сабаб бўлаётган ушбу автомобиль йўли бўйича Автомобиль йўллари қўмитасининг муносабати эълон қилинди. 

Маълум қилинишича, мазкур йўлнинг жами узунлиги 240 км.дан иборат бўлиб, таъмирталаб қисми – 100 километр. У “Жаслиқ – Каракалпакия посёлкаси” оралиғида жойлашган.

Ушбу йўлга қора қоплама ётқизилган бўлиб, бир неча йиллар давомида йўлнинг кўтариш қобилиятига нисбатан оғир вазнда бўлган автотранспорт воситаларининг мунтазам ҳаракатланиши оқибатида таъмирталаб ҳолатга келиб қолган.

Бугунги кунда ўрганишлар асосида мазкур ҳолатлар инобатга олиниб, автомобиль йўлининг таъмирга муҳтож бўлган қисмини тўлиқ реконструкция қилиш бўйича Ҳукумат қарори қабул қилинди.

Унинг техник иқтисодий асослари – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Осиё тараққиёт банки иштирокидаги “А-380 “Ғузор – Бухоро – Нукус – Бейнеу” автомобиль йўлининг 964 – 1204 км (240 км) қисмини реконструкция қилиш” лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида” 2020 йил 5 мартда имзоланган 124-сонли қарори билан тасдиқланди.

Жорий йилда ўтказилган халқаро тендер натижаларига биноан, Туркиянинг “Polat Yol Yapi San. ve Tic S.A.” компанияси (964 – 1084 км оралиғи) ҳамда ХХРнинг “China Road and Bridge Corporation”, “CCCC Third Highway Engineering Co. Ltd.” ва “Sanmenxia City Changtong Road and Bridge Construction Co., Ltd.” компаниялари (1084-1204 км оралиғи) ғолиб деб топилиб, шартномалар имзоланган.

Қўшимча тарзда шуни маълум қиламизки, мазкур лойиҳа 2021 – 2023 йиллар оралиғида тўлиқ амалга оширилиши режалаштирилмоқда.

Ҳозирги кунда лойиҳа доирасида халқаро компаниялар томонидан қурилиш-монтаж ишларини бошлаш бўйича махсус техникалар объектга кўчирилмоқда. Режага кўра, июнь ойидан эътиборан йўлнинг таъмирталаб қисмида қурилиш-монтаж ишлари бошлаб юборилади.

 

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1