АсосийJamiyat

Россиялик овчи томонидан отиб ўлдирилган айиқ бўйича Экология қўмитаси муносабат билдирди

'Россиялик овчи томонидан отиб ўлдирилган айиқ бўйича Экология қўмитаси муносабат билдирди'ning rasmi

Россиялик овчи Экология қўмитаси раисининг рухсати билан "Қизил китоб"га киритилган айиқни ўлдиргани ҳақидаги хабарларга Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасини расмий муносабат  билдирди.

Маълум қилинишича, Тянь-шан қўнғир айиғини овлашга ҳам белгиланган тартибда, яъни қонуний талабларга тўлиқ амалга қилган ҳолда рухсат берилган. 2020 йилнинг 25 ноябрида Фанлар академиясига қонун талабларига асосан ёввойи ҳайвонларни тутишга доир квота лойиҳасини кўриб чиқиб, хулоса бериш учун сўров юборилган. 2020 йилнинг 4 декабрь санасида Фанлар академиясининг Биоресурслар бўйича Идоралараро комиссияси 2021 йил учун ноёб ва Қизил китобга киритилган ҳайвонларга ажратилган квоталар тўғрисидаги хулосасини қўмитага тақдим этган. Унда 2 дона  Тянь-шан қўнғир айиғини тутиш ҳам кўрсатилган.

Шундан сўнг Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси раисининг “Ёввойи ҳайвонларни тутишга доир 2021 йилги квотани тасдиқлаш тўғрисида”ги 352-сонли буйруғи қабул қилинади. Мазкур буйруқда квотага киритилган ёввойи ҳайвонларни тутиш, яъни табиатдан ажратиб олиш тартиб-қоидалари аниқ кўрсатилган. Бундан ташқари, 2020 йилнинг 28 декабрида бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига ёзма равишда расмий ахборот берилган. Ҳукуматнинг айни масала бўйича 2021 йил 8 январда имзоланган топшириғида Қизил китобга киритилган ҳайвонларни табиатдан олишга қонун талабларида белгиланган тартибда рухсатнома беришни таъминлаш топширилган.

Таъкидланишича, барча қонуний талаблар бажарилгандан кейингина 2 дона Тянь-шан қўнғир айиғини отиш орқали тутишга рухсатнома берилган.  

Бунда Ўзбекистон Республикасининг 2020 йил 8 июлда қабул қилинган “Ов қилиш ва овчилик хўжалиги тўғрисида”ги ЎРҚ-627-сонли Қонунининг 1-иловасида тасдиқланган миқдордаги тўловларнинг давлат бюджетига ундирилиши таъминланган.

 

    Бошқа янгиликлар