Бугун юртимиз бўйлаб 2021 та масжидда 2 млн 576 минг киши ҳайит намозини адо этишган. Бу ҳақда АОКАда бўлиб ўтган брифингда Дин ишлари бўйича қўмита раисининг биринчи ўринбосари Музаффар Комилов Рамазон ойи якунлари, Ҳайит байрамидаги хайрли тадбирлар бўйича берган маълумотида айтиб ўтган.
Маълум қилинишича, Тошкент шаҳрида 106 та масжидда 497 минг ҳамюртларимиз намозда иштирок этишган. Хусусан, “Ҳазрати Имом” мажмуасига 18 мингдан, “Шайх Зайниддин” масжидига 30 мингдан зиёд ҳамда “Қуддуси Шариф” масжидига 20 мингга яқин намозхон ташриф буюрган.
Шунингдек, ҳайит муносабати билан ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолига жами 13,4 млрд. сўмга яқин моддий ёрдам кўрсатилди.
“Вақф” хайрия жамоат фонди томонидан 8 мингга яқин эҳтиёжманд оилаларга 543 млн. сўм миқдорида моддий ёрдам берилди ва бу ишлар давом этмоқда.
Ҳозиргина олинган маълумотга кўра, 2021 йил Рамазон ҳайити бўйича республикадаги масжидларнинг даромад кўрсаткичлари умумий 14 млрд. 674 млн. 185 минг 400 сўмни ташкил этди. Шундан, хайрия ва эҳсонлар 10 млрд. 292 млн. 412 минг 900 сўм, закот ва фитр эса 4 мдрд. 381 млн. 772 минг 500 сўмдан иборат.
Ушбу маблағлар албатта ўрнатилган тартибда ислом дини кўрсатмаларига асосан ўз жойига сарф этилади, дейилади хабарда.






