Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 26-моддасида “Ҳеч ким қийноққа солиниши, зўравонликка, шафқатсиз ёки инсон қадр-қимматини камситувчи бошқа тарздаги тазйиққа дучор этилиши мумкин эмас”, деб белгилаб қўйилган. Аммо орамизда ўз нафсининг қулига айланган, моддий манфаат кўриш йўлида ҳатто фоҳишаликдан, одам савдосидан ҳам қайтмайдиган инсонлар ҳам борлиги ачинарли ҳолдир...
Жиноиий тил бириктирди
Судланувчи Гулмира Асадова (исми-шарифлар ўзгартирилган) дастлабки тергов даврида шахсини аниқлашнинг имкони бўлмаган, ҳозирда Бирлашган Араб Амирлигининг Дубай шаҳрида яшовчи «Комила» исмли шахс билан қонунга хилоф равишда моддий манфаат кўришни кўзлаб, одам сотиш ва ундан шаҳвоний мақсадларда фойдаланиш учун олдиндан жиноий тил бириктиради. Улар бир гуруҳга бирлашиб, режа тузишади, жиноятдаги ролларини тақсимлаб олишади. Режага кўра, Гулмира Асадова республикамиз ҳудудида истиқомат қилувчи енгил табиатли, фоҳишалик қилишга мойил аёлларни излаб топиб, уларни БААда фоҳишалик билан шуғулланишга қизиқтириши, ушбу аёлларнинг шахсига оид ҳужжатларини суратга олиб, интернетнинг «Whatsapp» ижтимоий тармоғи орқали «Комила»га юбориши лозим эди. Номзодлар унга маъқул келгач, “Комила” томонидан йўл харажатлари учун юборилган пул маблағларини қабул қилиб, керакли жойларга йўналтириш вазифасини ҳам ўз зиммасига олди.
“Тунги клублардан бирида танишиб қолдим...”
Судланувчи Гулмира Асадова ўз айбига тўлиқ иқрор бўлиб, суд мажлисида қуйидагиларни билдирди:
- 2018 йилнинг август ойида Олмалиқ шаҳрида яшовчи “Мафтуна” исмли қиз билан Тошкент шаҳрида жойлашган тунги клублардан бирида танишиб қолдим. Ўзаро суҳбат давомида Мафтуна муқаддам БААнинг Дубай шаҳрида бўлганини ва у ерда фоҳишалик қилиб, пул ишлаб келганлигини айтди. “Мафтуна” орқали мен ҳам “Комила” исмли аёлнинг моддий ёрдами билан БААнинг Дубай шаҳрига бордим. Комиланинг уйида туриб, фоҳишалик қилиб пул топдим. Дастлаб “Комила”нинг менга авиачипта ва виза учун қилган харажатларини қоплаб бердим. Кейин шу уйда турганим учун 500 АҚШ доллари ижара ҳақи тўладим. 2018 йилнинг 9 сентябрь куни Дубай шаҳрига учиб кетиб, шу тариқа 2018 йил декабрь ойига қадар фоҳишалик билан шуғулландим. Тахминан 1500 АҚШ доллари орттириб декабрь ойининг охирида Ўзбекистонга қайтиб келдим. 2020 йилнинг 20 февралида фарзандим дунёга келди. Бироқ орадан бир ой ўтмасдан карантин эълон қилиниб, авиақатновлар тўхтатилди. Шу сабабли Дубайга қайта олмадим. 2020 йилнинг август ойидан бошлаб, Тошкент шаҳридаги сауналарда фоҳишалик қила бошладим. Шу ерда “Фарида” исмли қиз билан танишиб қолдим. Унга Дубайда яхши пул топганлигимни айтдим. “Фарида” шароити оғирлигини Дубайга бориб, пул ишлаб келишда ёрдам беришимни илтимос қилди. Мен “Комила” билан гаплашиб, “Фарида”нинг суратларини ташлаб бердим. “Фарида”га Дубайга бориши учун ҳамма харажатларни “Комила” тўлаб беришини, бунга 1500 АҚШ доллари кетишини, боргандан кейин унга яна қўшимча равишда 2000 АҚШ доллари бериши лозимлигини тушунтирдим.
2020 йил ноябрь ойида “Комила” менга почта орқали авиачипта учун 700 АҚШ доллари юборди. “Фарида” билан чипта олиш учун авиакассага бордик. Бу ерда 11 ноябрь кунига Дубайга учиш учун 700 АҚШ долларидан 4.700.000 сўм пулга “Фарида”нинг номига авиачипта сотиб олдик. Ортиб қолган 200 АҚШ долларидан 100 АҚШ доллари ва 150.000 сўм пулни “Фарида”га бердим. Қолган 150.000 сўм пул ва 100 АҚШ долларини ўзимга олдим. 2020 йилнинг 11 ноябрь куни вақтинчалик яшаётган хонадонимга фуқаролик кийимидаги ўзларини ИИО ходимлари, деб таништирган шахcлар келишди. Мени Бектемир тумани ИИО ФМБга олиб кетишди. Ҳозирда қилган ишимдан пушаймонман, вояга етмаган фарзандим борлигини инобатга олиб, менга енгиллик беришингизни сўрайман.
Ҳукм ўқилди
Гулмира Асадова ЖКнинг 135-моддаси 2-қисми “е” банди билан айбли, деб топилди ва унга шу моддага асосан 5 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. ЖКнинг 72-моддасига асосан тайинланган озодликдан маҳрум қилиш жазоси шартли ҳисобланиб, 3 йил синов муддати белгиланди.
Фарҳод Абдушукуров, жиноят ишлари бўйича Бектемир туман суди судьяси.
Лола Шоимова, журналист






