Бухоро вилояти Қоракўл тумани ИИБ ЖҚБ ходимлари томонидан ўтказилган кенг қамровли «Қорадори-2021» тезкор профилактик тадбири давомида тақиқланган гиёҳни хонадонида ўстирган фуқаро қўлга олинди. Бу ҳақда Бухоро вилояти ИИБ Ахборот хизмати маълум қилди.
Қоракўл туман «Маллаишайх» маҳалласида яшовчи, нафақахўр Б.Ҳ. ўзи яшаб келаётган уйининг томорқасида судга оид кимёвий экспертиза хулосасига кўра марказий поясига ва илдизларига эга, яшил рангли, ўзига хос ўткир ҳидли, ҳўл (қуритилмаган) ҳолдаги, бўйи 25-45 см, поясининг диаметри 0,3-0,7 см.гача бўлган, тақиқланган гиёҳвандлик ўсимлиги ҳисобланган 8 туп кўкнор ўсимликларини экиб парвариш қилиб келаётганлиги фош этилган.
Мазкур ҳолат юзасидан Б.Ҳ. нисбатан Жиноят кодексининг 270-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.






